Фарғона вилояти ҳокими Хайрулло Бозоров Фарғона туманининг Оқбилол ҳамда Қурилиш маҳаллаларида яшовчи, ягона боқувчилари хорижда меҳнат қилаётган ватандошларимизнинг хонадонларида бўлиб, уларнинг ота-оналари, оилалари, фарзандлари ҳолидан хабар олди. Давлатимиз раҳбари номларидан уларни Янги йил байрами билан қутлади.
Хонадонларда бўлиб ўтган мулоқотлар чоғида хорижда меҳнат қилаётган ватандошларимизнинг меҳнат фаолияти борасида сўз борди, ҳозирги кунда вилоятда, туманда яратилаётган иш имкониятлари ҳақида маълумот берилиб, ота-оналари ва оилалари бағрида яшаб меҳнат қилишлари учун етарли шароит ва имкониятлар мавжудлиги билдирилди.

Давлатимиз раҳбари номидан хонадонларга Янги йил совғалари, озиқ-овқат маҳсулотлари, кийим-кечаклар тақдим этилди. "Оқбилол" маҳалла фуқаролар йиғинида яшовчи Жамолиддин Алиев хонадонида оила тўнғич ўғли қуёнчиликка қизиқишини билдирди. Вилоят ҳокимининг кўрсатмаси билан оилага қуён қафаси ва зотдор қуёнлар олиб келиб бериладиган бўлди. "Қурилиш" маҳалла фуқаролар йиғинида яшовчи Соҳиб Маҳкамовнинг кекса онасига эса ногиронлик аравачаси совға қилинди.

Ҳар бир хонадонда қўллар дуога очилиб, юртимизга тинчлик ва хотиржамлик сўралди, кўрсатилаётган эътибор ва ғамхўрлик учун Президентимизга миннатдорлик билдирилди.

Вилоят ҳокими шунингдек, Қурилиш маҳалласида истиқомат қилувчи, ногиронлиги бўлган рассом Шуҳрат Ўринбоев хонадонида ҳам бўлди. Тақдир Шуҳратга жисмонан бут жуссани насиб этмади, лекин шунга қарамай у бор матонатини ишга солиб, иқтидорини намоён этиб келмоқда. Бугунги кунда Шуҳрат Ўринбоев Чимён қишлоғидаги 15-умумтаълим мактабида рассомчиликдан дарс бериб, ўқувчиларга рассомчиликнинг сир-асрорларини ўргатиб келади. Шуҳрат Ўринбоев оиласига Янги йил совғалари ҳамда компьютер жамланмаси совға қилинди.
М.Сулаймонов,
ЎзА