Chinese
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Барчаси инсон қадри учун
16:40 / 2022-12-07

Ўзбекистон Республикасининг Конституцияси қабул қилинганининг 30 йиллиги тантаналари Қашқадарё вилоятида ҳам кенг нишонланмоқда.

Вилоят театрида ташкил этилган байрам тадбирида Қашқадарё вилоят ҳокими Муроджон Азимов воҳа аҳлини байрам билан қутлади.

– “2022 йил – Инсон қадрини улуғлаш ва фаол маҳалла йили”да амалга оширилаётган ишларга назар ташлаганимизда аҳоли учун қулайликлар кўламини кенгайтириш, маҳалла институтининг нуфузини ошириш йўлида янги ташаббуслар илгари сурилди, – деди вилоят раҳбари. – Айниқса, халқ билан мулоқот қилишда аҳоли ичига кенгроқ кириб бориш, одамларнинг ташвиш ва муаммоларини жойида ҳал қилиш масаласи ҳамиша долзарб аҳамият касб этмоқда. Аҳолининг ҳуқуқий маданиятини ошириш, инсон ҳуқуқ ва манфаатларини таъминлаш бўйича сайёр қабуллар ўтказилиб, тушган мурожаатларнинг ечимига алоҳида эътибор қаратиляпти. Шу ўринда алоҳида таъкидлашни истар эдим, Конституция ва қонун устуворлигига эришишда жамоатчилик назоратидан бошқа самарали восита йўқ. Муҳтарам Президентимиз томонидан раҳбарларнинг пастга тушиб ишлаш тизими жорий этилгани натижасида аҳолини рози қилиш даражаси ортмоқда. Хусусан, Ўзбекистон Республикаси Президентининг виртуал қабулхонаси орқали вилоят ҳокимлигига жисмоний ва юридик шахсларнинг мурожаати ўтган йилнинг мос даврига нисбатан 32 фоизга камайган. Вазирликлар, қўмита ва агентликлар, сектор раҳбарлари томонидан январ-ноябрь ойлари давомида 2 минг 254 та оммавий қабуллар ўтказилди. Мулоқот ва учрашувлар давомида келиб тушган мурожаатларнинг 35 минг 101 таси қаноатлантирилди. Муҳими аҳолида мурожаат маданияти шаклланди. Ҳудудларнинг инфратузилмасини яхшилаш, йўл қуриш, сув, электр энергия ва газ таъминоти масалаларида, ижтимоий соҳа объектлари бунёд этиш ҳамда фарзандларимизнинг эртанги ҳаёти учун хизмат қиладиган ташаббуслар илгари сурилмоқда.

Таъкидландики, вилоятда иқтисодиёт, инвестиция, ташқи савдо, хизмат кўрсатиш, қишлоқ хўжалиги, қурилиш, ижтимоий соҳалар бўйича йил бошида белгилаб олган кўрсаткичлар хурсанд қиладиган даражада. Хусусан, йил якуни бўйича ялпи ҳудудий маҳсулот ҳажми 4,8 фоизга, саноат ишлаб чиқариши 7,1 фоизга, хизматлар 13 фоизга ўсиши кутилмоқда. Маҳсулот ва хизматлар экспорти бўйича давлат раҳбари томонидан белгилаб берилган режа муддатидан аввал (11 ойда) бажарилди.

[gallery-9892]

Хорижий ҳамкорлар билан самарали мулоқот тизими йўлга қўйилиши натижасида Хитой, АҚШ, Россия, Буюк Британия, Германия, Франция, Финляндия, Австрия, Туркия, Жанубий Корея, Ҳиндистон, Беларусь, Озарбайжон, Тожикистон каби давлатлар билан музокаралар олиб борилди ва турли даражадаги келишувларга эришилди.

Масалан, вилоятда илк бор 310 миллиард сўмлик қуёш панеллари ва муқобил энергия орқали сув иситиш қурилмаларини ишлаб чиқариш лойиҳаларини йўлга қўйиш бўйича ишлар бошланди. Ички йўлларни таъмирлаш, ичимлик сув таъминоти, уй-жой, ижтимоий соҳа объектларини қуриш бўйича ҳам йил давомида сезиларли ютуқларга эришилмоқда. Айниқса, муҳтарам Президентимиз ташаббуслари асосида ташкил этилган Кўкдала тумани бугунги кунда ҳақиқий бунёдкорлик, янгиланиш, ўзгаришлар масканига айланган.

Жорий ўқув йилида вилоятда Президент мактаби, А.Орипов номидаги ижод мактаби қаторида 12 та ихтисослаштирилган мактаб фаолиятини бошлади. Президентимизнинг кўрсатма ва тавсиялари асосида вилоятнинг 16 та мактабида Финляндия тажрибаси асосида таълим беришга мўлжалланган лойиҳа устида иш олиб борилмоқда. IT соҳасида ёшлар бандлигини янада ошириш мақсади Қарши шаҳри ва Китоб туманида IT-park ташкил этиш бўйича ишлар бошланган. Энг катта бойлик бу халқнинг саломатлигидир. Бу борада, инвестиция дастури доирасида 53 миллиард сўм эвазига 12 та тиббиёт муассасаси реконструкция қилинди. “Обод қишлоқ” ва “Обод маҳалла” дастурлари доирасида 16 миллиард сўм эвазига 12 та тиббиёт муассасаси таъмирланди. “Аёллар дафтари”, “Темир дафтар” ва “Ёшлар дафтари” орқали уйма-уй юриб, аҳоли билан мулоқот қилинди.

Аҳолининг муаммоларини бартараф этиш, бандлигини таъминлашга алоҳида эътибор қаратилмоқда. “Аёллар дафтари” орқали 60 мингдан ортиқ, “Ёшлар дафтари” орқали 30 мингга яқин фуқароларимизга ёрдам берилди. Байрам арафасида вилоятда 2000 нафардан зиёд турли соҳалар ривожи учун муносиб ҳисса қўшаётган фаоллар, меҳнат фахрийлари, ҳарбий хизматчилар ва ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар ходимлари ҳамда бошқа шахслар “Ўзбекистон Конституциясининг 30 йиллиги” эсдалик нишони билан тақдирланди.

Ўлмас Баротов, Жамшид Норқобилов (сурат) ЎзА.