Ёз мавсумида болажонларнинг мириқиб ҳордиқ чиқаришлари жараёнида уларнинг бўш вақтини самарали ва мазмунли ўтказишлари учун турли танловлар, спорт мусобақалари ва маданий-маърифий кечалар ўтказишга алоҳида эътибор қаратилмоқда.
Болаларда ижодий қобилиятни ривожлантириш мақсадида “Эртаклар оламига саёҳат” мавзусида ижодий танловлар ўтказиляпти. “Китобхонлик – ёрқин келажак кафолати” мавзусида ўтказилаётган танловда эса болалар ғазал, шеър, монолог, ҳикоя айтиб, ўзаро баҳслашмоқда.
Оромгоҳлардаги болаларнинг билим салоҳияти ва даражасини ошириш, шунингдек, дунёқарашини кенгайтириш мақсадида Ёшлар ишлари агентлиги, Ёзувчилар уюшмаси ва Заковат интеллектуал клуби ННТ билан ҳамкорликда “Заковат” интеллектуал ўйини тизимли равишда ўтказилмоқда.
Шунингдек, бир қатор вазирлик ва идоралар билан ҳамкорликда болаларга миллий урф-одатларимизни таништириш, савдо қобилиятини шакллантириш мақсадида “Шарқ бозори” лойиҳаси, “Оромгоҳда менинг инновацион ғоям”, “Она табиатга қўшган ҳиссам” каби танловлар тизимли ташкил этилмоқда.
Болаларга ўзларининг иқтидорларини намойиш этишга имкон бериш, қолаверса, ўғил ва қиз болаларнинг саҳна маданияти, ижро маҳорати ва театрга бўлган қизиқишини ошириш мақсадида Маданият вазирлиги билан ҳамкорликда “Қизиқарли театр" лойиҳаси доирасида спектакллар намойиш этилмоқда.
“Спорт – соғлик гарови” шиори остида ўтказилаётган учрашувларда республика ва халқаро турнирлар ғолиблари иштирок этмоқда. Шу билан бирга болажонлар ўртасида “Спорт вазирлиги кубоги”, “Департамент кубоги” ҳамда “Директор кубоги” мусобақалари ўтказилмоқда. “Ўзбекистон – гўзал ва бетакрор диёр”, “Миллатлар фестивали”, “Дўстимга ва устозларга мактуб” лойиҳалари, “Ёз ўтмоқда соз!” шиори остида болалар оромгоҳлари ўртасида “Онажон”, “Талант шоу” ва “Ёш қизиқчи болажон” танловлари ташкил қилинмоқда.
Болаларнинг дам олишини ва соғломлаштирилишини ташкил этиш департаменти қошида ташкил этилган Республика комиссияси томонидан жорий йилнинг 15 июлига қадар оромгоҳлар фаолияти акс этган видеороликлар кўриб чиқилади. Ғолиб ва совриндорлар махсус статуэтка, диплом, шунингдек, қимматбаҳо совғалар билан тақдирланади.
Тоҳир Абдураҳмонов,
Болаларнинг дам олишини ва соғломлаштирилишини ташкил этиш департаментининг Маданий-маърифий ва спорт ишлари бўлими бошлиғи
ЎзА