English
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Барчаси болалар учун
17:57 / 2023-06-02

Қашқадарё вилояти болалар кўп тармоқли тиббиёт маркази 1978 йилда ташкил этилган. Марказда 465 ўринга мўлжалланган 17 даволаш бўлимлари, маслаҳат поликлиника бўлими ва чақирилувчи ёшларни тиббий кўрикдан ўтказиш бўлими ҳамда бошқа ёрдамчи бўлимлар фаолият кўрсатади. Вилоятдаги 1 миллион 200 минг нафардан ортиқ 18 ёшгача бўлган ўсмирларга тиббий даволаш ва профилактик ёрдам кўрсатади. Марказда 148 нафар олий тоифали шифокорлар ва 600 нафарга яқин ҳамширалар фаолият олиб боради.

Марказда даволанувчилар учун қулай шарт-шароит яратиш мақсадида кейинги йилларда салмоқли ишлар амалга оширилмоқда. Хусусан, куни кеча марказда замонавий, барча қулайликларга эга автотураргоҳ, кутиш зали ва кардиология бўлими фаолият бошлади. 1 июнь – Халқаро болаларни ҳимоя қилиш куни муносабати билан очилган ушбу объектлар бемор болажонлар ва уларнинг яқинлари учун ҳақиқий туҳфа бўлди.

Қашқадарё вилояти ҳокими М.Азимов ҳам очилиш маросимида иштирок этди ва шифохонадаги 50 нафардан зиёд бемор болажонларни байрам билан табриклаб, совғалар улашди. Таъкидлаш лозимки, марказда фаолият бошлаган кардиология бўлими юракда нуқсони бор бемор болажонлар учун ҳақиқий туҳфа бўлди. Шу кунга қадар болаларда юрак нуқсони билан боғлиқ юқори технологик жарроҳлик амалиётлари пойтахтда ва хориждаги клиникаларда ўтказилган ҳамда бу беморларнинг яқинларига жуда қимматга тушган.  

Эндиликда марказнинг ўзида хорижнинг нуфузли клиникаларида тажриба орттирган профессионал мутахассислар иштирокида жарроҳлик амалиётлари амалга оширилмоқда.

Марказга хориждан ишга таклиф қилинган асли ўзбекистонлик кардиожарроҳ Раҳматилла Равшанов бу ҳақида қуйидагиларни гапирди.

[gallery-12193]

– Кардиология бўлимининг ташкил қилиниши ҳам тасодифий бўлди,  – дейди Р.Равшанов. – Шифохонамиз билан биргаликда open бюджет порталига янги бўлим учун ускуналар харид қилиш бўйича ташаббусни қўйдик. Буни қарангки, лойиҳамиз ғолиб бўлиб 1 миллиард 200 миллион сўм ютиб олдик. Шу маблағ эвазига бўлимга керакли тиббий ускуналарнинг баъзиларини харид қилдик. Боиси юрак билан боғлиқ жарроҳлик амалиётларини ўтказиш учун фойдаланиладиган технологиялар жуда қиммат туради. Марказимиз директори ёрдами билан бошқа шифохоналардан ҳам фойдаланилмай турган ускуналар келтирилди, хуллас шу билан янги жиҳозланган 10 койкали кардиология бўлимимиз жорий йилнинг апрель ойидан ўз фаолиятини бошлади. 4 реанимация бўлими мавжуд бўлиб, шу кунга қадар 5 нафар болада юқори технологияли операциялар муваффақиятли ўтказилди. Ҳозирда беморларнинг аҳволи яхши.

Ўлмас Баротов,

Жамшид Норқобилов (сурат) ЎзА.