Chinese
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Барчамизга дахлдор ҳаётий масала
10:01 / 2021-12-13

Яқинда Конституциямиз қабул қилинганининг 29 йиллигини кенг тантана қилдик. Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг Асосий қонунимиз қабул қилинганининг 29 йиллиги муносабати билан халқимизга йўллаган табригини тинглаб, беҳад қувондик.

Табрикда ҳаётимиз қомуси бўлган Конституциямиз мустақиллик йилларида эришган барча ютуқ ва марраларимизнинг мустаҳкам ҳуқуқий пойдевори бўлиб келаётганлиги алоҳида таъкидлаб ўтилди. Шунингдек, халқимиз ҳаётини янада фаровон қилиш, мамлакатимизни ҳар жиҳатдан ривожлантириш борасида бир қатор вазифалар илгари сурилди.  Конституциямиз нормаларини ҳаётга тўла татбиқ этиш, жамиятда қонун ва адолат устуворлигини, инсон ҳуқуқ ва манфаатлари, унинг қадр-қимматини янада самарали таъминлаш борасида ҳали кўп иш қилиш кераклиги айтилди.

Хусусан, Асосий қонунимизни жамиятдаги бугунги реал воқеликка, шиддатли ислоҳотларимиз мантиғига мослаштириш борасида тўхталиб ўтилди. Бунда бир қатор йўналишларга эътибор қаратиш зарурлиги илгари сурилиб, жумладан, Учинчи Ренессанснинг тўрт узвий ҳалқаси бўлмиш боғча, мактаб, олий таълим ва илм-фан соҳаларини ривожлантириш масалаларини конституциявий даражада мустаҳкамлаб қўйиш мақсадга мувофиқлиги таъкидланди.

Дарҳақиқат, илм-маърифат ва таълимсиз тараққиётга эришиб бўлмайди. Ҳар қандай мақсад ва ислоҳотлар натижадорлигига илм-фан билан етиб борилади. Ушбу йўналишда мамлакатимизда кенг қамровли ишлар амалга оширилгани ҳаммамизга кундек равшан. Қисқа муддат ичида юртимиздаги олий таълим муассасалари сони 127 тага етиб, нуфузли хорижий олий ўқув юртларининг 26 та филиали очилгани, профессор-ўқитувчилар ва илмий тадқиқотчиларнинг ойлик маоши қарийб уч баробарга оширилгани алоҳида эътиборга молик.

Шу билан бирга, билим даргоҳларининг қиёфаси ўзгарди, моддий-техника базаси мустаҳкамланди. Бу борадаги ишларнинг барчаси олий таълимнинг сифати ва даражасини оширмоқда, ёшлар ўртасида олий таълим олишга бўлган иштиёқни кучайтираяпти.

Келгусида конституциявий ислоҳотларнинг амалга оширилиши баробарида таълим-тарбия йўналишидаги саъй-ҳаркатлар ҳам янада юқори поғонага кўтарилиши шубҳасиз.

Шу ўринда давлатимиз раҳбарининг “Албатта, Конституцияни янгилашдек ғоят муҳим, стратегик вазифани ҳал этишда биз етти марта эмас, етмиш марта ўйлаб, халқимиз билан ҳар томонлама маслаҳатлашган ҳолда, юртимиз ва жаҳондаги илғор тажрибаларни чуқур ўрганиб, аниқ қарор қабул қилишимиз зарур”, деган сўзларига алоҳида тўхталмоқчиман.

Ҳақиқатан ҳам халқимиз эртаси, юртимиз келажаги билан боғлиқ бўлган Бош қомусимизни такомиллаштиришда ҳар биримиз фаол иштирок этмоғимиз лозим. Зеро, ушбу ташаббус сизу биз, фарзандларимиз, келажак авлодлар — барчамизга дахлдор масаладир.  

Муниса Миргиязова, 
Тошкент давлат юридик университети
катта ўқитувчиси