Мана еттинчи йилдирки сентябрь ойининг 3-шанбаси юртимизда Бутунжаҳон тозалик куни сифатида нишонланади. Бу йил ҳам мазкур сана муносабати билан Навоий вилояти Экология, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва иқлим ўзгариши бошқармаси томонидан бир қатор ташкилотлар ҳамкорлигида “Ҳаёт учун жой ажратинг!” шиори остида оммавий плогинг экологик акцияси ўтказилди.
Дастлаб вилоятда экологик барқарорликни таъминлашда амалга оширилаётган ишлар, ободонлаштириш, тозалик ва озодаликни сақлаш борасидаги тадбирлар ҳақида сўз юритилди.

– Бутунжаҳон тозалик куни – бу инсоният ўзи яшаб турган ҳудудда тозаликни ўрнатиш ғоясини ифода этиб, даставвал 2008 йил Эстонияда вужудга келган ва 50 минг нафар кўнгиллилар мамлакатни чиқиндилардан холи этиш учун бирлашган, – дейди вилоят Экология, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва иқлим ўзгариши бошқармаси бошлиғи ўринбосари Нурали Болтаев. – Бугунги кунга келиб эса 200 га яқин мамлакатда мазкур сана муносабати билан тозалик ишлари амалга оширилади. Юртимизда эса ушбу санага бағишланган тадбирлар 2019 йилдан ўтказила бошланди.

Экологик акцияда тизим ходимларидан ташқари Чиқиндиларни бошқариш ва циркуляр иқтисодиётни ривожлантириш агентлиги Навоий вилоят бошқармаси, “Мироншоҳ комфорт” ва “Стимул Навоий” МЧЖлар ходимлари, олий таълим муассасалари талабалари, Навоий вилояти Ёш экологлар ҳаракати аъзолари, атроф-муҳитга бефарқ бўлмаган давлат ва нодавлат ташкилотлар вакиллари иштирок этди.

Аҳолининг экологик маданиятини янада ошириш, ҳудудларни чиқиндилардан тозалаш ва бу борада халқаро ҳамжамият тажрибасини оммалаштиришга йўналтирилган акция иштирокчилари Навоий шаҳридаги истироҳат боғи ҳудудини ҳар хил кераксиз чиқиндилардан тозалаш ишларида фаол иштирок этди.

Мусобақа тарзида ўтказилган лойиҳа доирасида иштирокчилар 3 та гуруҳга бўлиниб, бир тоннадан ортиқ чиқинди йиғди.
Бугунги акцияда катта ёшдаги иштирокчилар билан бир қаторда 7-10 ёшлар атрофидаги болаларнинг иштирокини кузатиш мумкин. Улар ҳам турли чиқинди бўлакларини йиғишда фаол иштирок этди. Бу албатта, кўнгилга хуш ёқувчи ҳолатлардан бири. Табиатга меҳр оиладан шаклланади. Табиатни, атроф-муҳитни асраган инсондан эса ёмонлик чиқмайди, дейишади ёши улуғлар.
Экоакция сўнггида Навоий вилояти Экология, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва иқлим ўзгариши бошқармаси томонидан фаол иштирокчилар, жумладан, болажонларга миннатдорлик билдирилиб, эсдалик совғалари топширилди.
Абдували Бўриев, ЎзА мухбири