Мамлакатимизда ногиронлиги бўлган аҳоли, айниқса, ёшларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш, уларнинг тенгдошлари қаторида таълим-тарбия олишлари учун барча имкониятлар яратилмоқда. Янгиланган Конституциямизда ҳам таълим олиш ҳуқуқи ва имконияти кенгайтирилиб, таълим ва илм-фанга оид нормалар қарийб икки баробарга оширилди. Жумладан, ногиронлиги бор ёшларнинг яккаланиб қолмаслиги, жамиятнинг тўлақонли аъзоси сифатида шаклланиши ва камол топиши, ўз тенгдошлари билан бир хил таълим олиши учун инклюзив таълим олиши белгилаб қўйилди.
Навоий давлат педагогика институтида ҳам ижтимоий ҳимояга муҳтож ва ногиронлиги бўлган талабалар билан тизимли ишлар амалга оширилмоқда. Айни пайтда институтда 235 нафар ногиронлиги бўлган талабалар таҳсил олмоқда. Улардан 65 нафари бепул ётоқхона билан таъминланган.
– Имконияти чекланган талаба ёшлар бошқа тенгдошларидан ўқиш, спорт, жамоатчилик ишларида асло кам эмас. Уларга институт томонидан алоҳида ғамхўрлик кўрсатиб келинмоқда, – дейди институтнинг Ёшлар масалалари ва маънавий-маърифий ишлар бўйича биринчи проректори Хуршид Қурбонов. – Жумладан, якунланаётган 2022-2023 ўқув йилида ижтимоий ҳимояга муҳтож, ота-она қарамоғидан маҳрум бўлган ҳамда касаллиги бор 86 нафар талабага жами 83 миллион сўм моддий ёрдам берилди. Биргина жорий йилнинг биринчи чорагида 35 нафар талабага 29 миллион сўмлик моддий ёрдам, 51 нафар талабани рағбатлантириш мақсадида 38 миллон сўм пул маблағлари ажратилди.
Институтда Президентимизнинг 2021 йил 18 майдаги “Паралимпия ҳаракатини ривожлантиришга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида” ги қарори ижроси юзасидан вилоятда паралимпия спорт турларини ривожлантириш, 2022-2023 йиллар давомида нуфузли мусобақаларда юқори натижаларни қайд этган пара спортчиларни экипировка, витаминизация билан таъминлаш, уларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш мақсадида қатор ишлар амалга оширилди. Жумладин, институт талабалари Султонов Элбек, Ражабов Шаҳбоз, Ҳасанов Бектемир, Акобиров Жамолиддин, Рўзиев Машрабларнинг ҳар бирига 10 миллион сўмдан пул мукофотлари топширилди.

Дарвоқе, институтда таҳсил олаётган ногиронлиги бор талабалар яратиб берилаётган имкониятлардан унумли фойдаланган ҳолда мамлакат миқёсида ўтказилаётган мусобақаларда фаол иштирок этмоқда.
Шу йилнинг 19-22 май кунлари Тошкент вилоятида бўлиб ўтган пара енгил атлетика бўйича ўтказилган Ўзбекистон чемпионатида институтнинг Жисмоний маданият факультети талабалари - Жамолиддин Акобиров 1 та олтин, 2 та кумуш, Бектемир Ҳасанов, Суҳроб Каримов, Шаҳбоз Ражабов ва Машраб Рўзиевларнинг ҳар бири 1 тадан олтин медалга эга бўлди. Ўзбекистон чемпиони деган номга сазовор бўлди.
– Бир неча йилдан буён спортнинг пара енгил атлетика тури билан шуғулланиб келаман, – дейди Шаҳбоз Ражабов. – Бу йил ўтказилган Ўзбекистон чемпионатидаги иштироким омадли якунланди. Унда чемпион бўлиш билан бирга “Халқаро тоифадаги спорт устаси“ деган номга ҳам сазовор бўлдим. Бунинг барчаси бизга давлатимиз томонидан яратиб берилаётган имкониятлар натижасидир.
Институтда имконияти чекланган ёшларнинг таълим-тарбия олишлари учун белгиланаётган чора-тадбирлар кейинги ўқув йилларида ҳам изчил давом эттирилади.
А.Бўриев,
ЎзА