Arabic
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Барча соҳалардаги шериклик янада чуқурлашади
22:53 / 2023-01-25

Давлатимиз раҳбарининг Қирғизистонга ташрифи олдидан Ўзбекистон ва Қирғизистон ҳукуматлари кенгайтирилган таркибдаги делегациялари ўртасида музокара бўлиб ўтди. Учрашувда Ўзбекистон Республикасидан Бош вазир ўринбосари Жамшид Хўжаев,инвестициялар, саноат ва савдо вазири Лазиз Қудратов, Қирғиз Республикасидан Вазирлар Маҳкамаси раиси ўринбосари Бахит Торобаев, шунингдек икки давлат тегишли вазирлик, идоралари, тармоқ бирлашмалари масъул раҳбарлари қатнашди.

Икки томонлама ҳамкорликнинг бугунги кун тартиби, жараённи кенгайтириш бўйича аниқ чора-тадбирлар иштирокчилар диққат марказида турди. Шу нуқтаи назардан барча соҳалардаги шерикликни янада чуқурлаштиришга кучли туртки бериши кутилаётган Президентимизнинг Қирғизистонга бўлажак давлат ташрифининг муҳим аҳамияти қайд этилди.

Шу ўринда айтиш жоиз, олий даражадаги ташриф доирасида “Ўзбекистон-Қирғизистон” бизнес-форуми ўтказилиши режалаштирилган. Йиғилишда мазкур тадбирга тайёргарлик жараёни атрофлича муҳокама қилинди. Ушбу анжуманда икки мамлакатнинг кимё, тўқимачилик, энергетика, автомобилсозлик саноати, ахборот технологиялари, қишлоқ хўжалиги, туризм ва бошқа соҳаларга ихтисослашган ишбилармон доираларининг 200 дан зиёд етакчи вакиллари иштироки кутилмоқда. Форум доирасида ялпи мажлис, алоҳида сессиялар, шунингдек, B2B форматидаги учрашувлар ва музокаралар ўтказилади. Тадбирлар натижаси ўлароқ, 10 дан ортиқ битим, инвестиция шартномаси имзоланиши режалаштирилган.

Музокара чоғида икки мамлакат иқтисодиётининг рақобатдош устунлигини ишга солиш орқали саноат кооперациясини кенгайтириш ҳамда ўзбек ва қирғиз ишлаб чиқарувчилари ўртасида ўзаро боғлиқ қўшилган қиймат занжирини яратишда муҳим воситага айланган Ўзбекистон-Қирғизистон тараққиёт жамғармаси фаолияти алоҳида муҳокама қилинади.

Маълумотга кўра, мазкур жамғарма 2022 йил апрель ойида Ўзбекистон Республикаси ва Қирғизистон Республикаси ўртасидаги иқтисодий ҳамкорликни мустаҳкамлаш, икки давлат иқтисодиётини модернизация қилиш ва ривожлантириш, шунингдек, устувор соҳалардаги ўзаро манфаатли инвестиция лойиҳаларини молиялаштириш орқали икки томонлама ҳамкорлик имкониятидан самарали фойдаланиш мақсадида ташкил этилган.

Томонлар жамғарма фаолияти самарадорлигини ошириш, режалаштирилган лойиҳа ва дастурларни ижросини жадаллаштириш бўйича аниқ қўшма чора-тадбирлар белгилаб олдилар.

Мулоқот давомида саноат кооперациясини ривожлантириш масаласи, кимё ва тўқимачилик саноати, машинасозлик, фармацевтика, қурилиш материаллари ишлаб чиқариш ва бошқа соҳаларда қўшма лойиҳалар амалга ошириш истиқболи алоҳида кўриб чиқилди. Темир йўл ва автомобиль йўналишларини диверсификация қилишни назарда тутган ҳолда транспорт-логистика соҳасидаги шерикликни ривожлантириш салоҳияти таҳлил қилинди. Энергетика ва қишлоқ хўжалиги соҳаларида ҳамкорликни кенгайтириш бўйича келишувга эришилди.

Бундан ташқари логистика, туризм, спорт соҳаларида инфратузилмани яхшилаш имконияти ҳам муҳокама қилинди.

Музокара якунида муҳокама қилинган барча ташаббус ва лойиҳалар бўйича яқин ҳамкорликда ишлашни давом эттиришга келишилди.

ЎзА