Термиз шаҳрида Хадича Сулаймонова номидаги Республика суд экспертиза маркази Сурхондарё вилоят ҳудудий бўлими янги биносининг тантанали очилиш маросими бўлиб ўтди.
Бош қомусимиз қабул қилинганининг 33 йиллик байрами арафасида ташкил этилган тадбирда вилоятда шу пайтгача бўлмаган одам ДНКси суд биологик экспертизаси ҳамда материаллар, ашёлар ва буюмлар криминалистик экспертизаси лабораториялари фойдаланишга топширилди.
Тадбирда вилоят ҳокими ўринбосари А.Амиров, Адлия вазири ўринбосари М.Аллақулиев, Хадича Сулаймонова номидаги Республика суд экспертиза маркази директори А.Ҳалилов ва бошқалар иштирокчиларни Конституциямизнинг 33 йиллик байрами билан муборакбод этиб, кейинги йилларда мамлакатимизда суд-ҳуқуқ соҳасини такомиллаштиришга қаратилаётган эътибор ҳақида сўз юритди. Бу жараёнда суд экспертиза ҳам замон талабларига мос ривожланиб, жиноятчиликка қарши курашиб, барвақт аниқлаш, унинг олдини олиш, фуқароларнинг ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоялашга хизмат қилаётгани таъкидланди.
Президентимизнинг жорий йил 8 сентябрдаги “Суд-экспертлик фаолиятини янада такомиллаштириш ва соҳага замонавий технологияларни кенг жорий этиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори бу борадаги ишлар самарадорлигини янада оширишда муҳим омил бўлмоқда. Қарор билан суд-экспертлик соҳасини ривожлантириб, янги босқичга олиб чиқишга қаратилган дастур қабул қилиниб, тизимни рақамлаштириш, давлат суд экспертиза муассасаларининг моддий-техник базасини янги замонавий ускуна ва жиҳозлар билан таъминлаш вазифаси белгилаб олинди. Қарор ижроси доирасида ҳудудларда ўтказиладиган экспертиза турлари 35 тадан 50 тагача оширилиб, 86 та лаборатория замонавий ускуна билан жиҳозланади. 15 та янги лаборатория ташкил этилади. 25 та янги экспертиза турлари жорий қилиниб, 20 та лаборатория халқаро аккредитациядан ўтказилади. Тадқиқотларни ўтказиш муддат 8-15 кунга қисқартирилиб, йилига 50 нафар эксперт хорижда малака оширади. Ягона услубиётлар реестри ва амалиёти йўлга қўйилади.
Термиз шаҳрида қад ростлаган замонавий янги бинода ҳам нафақат давлат суд экспертлари, балки фуқаролар, суд ва тергов органлари ходимлари учун барча қулайлик яратилган. Жумладан, бўлимда ташкил этилган воҳадаги тамомила янги одам ДНКси лабораториясида биологик оталиқни белгилаш бўйича тадқиқотлар ўтказилади. Биологик қариндошлик эҳтимоллик даражасини аниқлаш ва спорт генетикаси бўйича ҳам тадқиқотлар олиб борилади. Шунингдек, жиноятларни тезкор фош этиш учун воқеа жойида қолдирилган биологик излардан улар эгасининг генетик профили аниқланади. Химия лабораториясида лак-бўёқ материаллари ва қопламаларининг, нефть маҳсулотлари ва ёқилғи-мойлаш материаллари экспертизалари ўтказилади. Келгусида босқичма-босқич бошқа экспертиза турлари ҳам жорий этилади.
– Янги бинода вилоятда шу пайтгача мавжуд бўлмаган янги суд-ёнғин техникавий, суд-электротехникавий ва хатшунослик, ҳужжатлар-техник экспертизалари ҳам йўлга қўйилиб, катта қулайлик яратилди, – дейди Хадича Сулаймонова номидаги Республика суд экспертиза маркази Сурхондарё вилоят ҳудудий бўлими бошлиғи Мирсоҳиб Қўнғиратов. – Эндиликда ўтказадиган экспертиза турларимиз 17 тадан 23 тага, тадқиқот турлари 19 тадан 39 тага оширилди.
Мутахассисларнинг айтишича, шу пайтгача вилоятда содир бўлган аксарият ҳолатларни экспертизадан ўтказиб, аниқлаш пойтахтда амалга оширилган бўлса, энди бу ишларни вилоятнинг ўзида бажариш, фуқароларнинг бузилган ҳуқуқлари ва манфаатларини ҳимоя қилиш, жиноятчиликни янада тезкорлик билан фош этишга қулай имконият яратди. Ортиқча оворагарчиликларга чек қўйди.
Маросим қатнашчилари бўлимда яратилган шароитлар, замонавий ускуна ва жиҳозлар билан танишди. Оммавий ахборот воситалари ходимлари учун пресс-тур ташкил этилди.
[gallery-26553]
Шу куни Сурхондарё вилоят адлия бошқармасида давлатимиз раҳбарининг жорий йил 8 сентябрдаги “Суд-экспертлик фаолиятини янада такомиллаштириш ва соҳага замонавий технологияларни кенг жорий этиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори мазмун-моҳиятини тушунтиришга ҳамда “Суд экспертизаларини ўтказиш учун зарур бўлган тадқиқот объектларини йиғиш, сақлаш ва тақдим этиш усуллари” мавзуига бағишланган семинар ўтказилди.
Адлия бошқармаси, давлат суд-экспертиза муассасалари, суд ва ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларнинг ходимлари, вилоят давлат ҳокимияти бошқаруви вакиллари, соҳа фахрийлари, ОАВ ходимлари қатнашган тадбирда мавзулар юзасидан қизиқарли маърузалар тингланди. Иштирокчиларни қизиқтирган саволларга атрофлича жавоб берилди.
Холмўмин Маматрайимов, Жонибек Қўзимуродов (фото), ЎзА мухбирлари