English
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Барча шаҳарларда йўл ҳақи тўлашнинг автоматлаштирилган тизими жорий этилади
19:40 / 2020-12-11

Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси ҳузуридаги Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлигида Транспорт вазирлиги томонидан “Шаҳар жамоат транспортида автоматлаштирилган тўлов тизимини жорий этиш истиқболлари ва жамоат транспортини ривожлантириш бўйича амалга оширилаётган лойиҳалар” мавзуида матбуот анжумани ўтказилди.

Мамлакатимизда аҳоли сонининг ўсиши, ижтимоий-иқтисодий ривожланиш натижасида республикамизнинг барча ҳудудларида транспорт воситалари, хусусан жамоат транспортига эҳтиёж йил сайин ортиб бормоқда. Шу билан бирга, йўловчиларга кўрсатилаётган хизматларни нафақат сон жиҳатидан, балки сифат жиҳатидан яхшилаш зарурати ҳам бугунги кунда долзарб масала бўлиб турибди.  

Матбуот анжуманида аҳолига жамоат транспорти хизматларини кўрсатиш тизимида тўпланиб қолган муаммо ва камчиликларни бартараф этиш, йўловчиларнинг жамоат транспортларидан фойдаланиш кўламини кенгайтириш ва бу борада кўрсатилаётган хизматлар сифатини ошириш мақсадида қатор лойиҳалар амалга оширилаётгани қайд этилди.

Хусусан, 2020 йил январь ойидан Тошкент шаҳар жамоат транспортининг автобус ва метрополитен йўналишида автоматлаштирилган тўлов тизимини жорий этиш ишлари бошланди. Ушбу тизим фаолиятини йўлга қўйиш мақсадида Тошкент метрополитенининг барча линияларидаги станцияларга махсус турникетлар ўрнатилди. Тошкент шаҳрида йўналишларга чиқарилаётган автобусларнинг барчаси мобиль ва стационар валидаторлар билан тўлиқ жиҳозланди.  

Тошкент шаҳар жамоат транспорти хизматидан фойдаланганда йўл ҳақи тўловларини ягона транспорт картаси орқали амалга ошириш жараёнида вужудга келаётган айрим муаммо ва камчиликларни бартараф этиш, таклифларни ўрганиш, автоматлаштирилган тўлов тизими иш фаолиятини бевосита жамоатчилик иштирокида такомиллаштириб бориш мақсадида Транспорт вазирлиги томонидан махсус телеграм бот канали – @mintrans_attobot ишга туширилди.  

Ушбу телеграм бот орқали йўловчилардан келиб тушган ҳар бир мурожаат махсус ишчи гуруҳи томонидан ўрганиб чиқилиб, мавжуд камчиликларни бартараф этиш чоралари кўрилмоқда.  

[gallery-392]

Йўловчиларга қўшимча қулайлик яратиш мақсадида смартфонлардаги NFC технологияси орқали йўл ҳақи тўловларини амалга ошириш имкониятини яратиш, шунингдек, China Union Pay, Mastercard ва Visa халқаро банк карталаридан ҳам тўловларни қабул қилишни бошлаш бўйича ташкилий масалалар якунига етмоқда.

Анжуманда қайд этилишича, автоматлаштирилган тўлов тизими имкониятларини кенгайтириш мақсадида 2021 йилда республиканинг барча шаҳарларида шаҳар ичи, 2022 йилдан шаҳар атрофи йўналишларида йўл ҳақи тўлашнинг автоматлаштирилган тизимини жорий этиш режалаштирилмоқда.

Анжуманда шунингдек, жамоат транспорти қатновини такомиллаштириш бўйича амалга оширилаётган лойиҳалар, келгусида амалга оширилиши лозим бўлган чора-тадбирлар хусусида маълумот берилди.

– Давлатимиз раҳбари раислигида 30 ноябрь куни жамоат транспортини ривожлантиришга бағишлаб ўтказилган видеоселектр йиғилишида тизимни ривожлантиришга доир устувор вазифалар белгилаб берилди, - дейди Транспорт вазирлиги ҳузуридаги транспорт ва лагистика муаммоларини ўрганиш маркази раҳбари Мурод Арипов. 

- Бунда устувор вазифа этиб энг олис ҳудудлардаги аҳоли пунктларини туман марказлари, туман марказларини вилоят марказлари билан боғлаш вазифаси белгиланди. Бу борада ҳозирда кенг кўламли ишлар бошланган.  

Шаҳноза МАМАТУРОПОВА,  ЎзА