Oʻzbek
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
“Барча саъй-ҳаракатларимиз инсон қадри учун” ғояси асосида жамоат хавфсизлиги янада кучайтирилади
16:21 / 2021-12-01

Тинч ва хотиржам яшаш бугунги нотинч дунёда тобора долзарблашиб бормоқда. Фақат буни хотиржам яшаётган одамларгина чуқур ҳис қилмайди. Ҳар тонг уйғониб, ўз юмушларимиз билан машғул бўлар эканмиз, буни табиий ҳол, деб қабул қиламиз.

Ваҳоланки, осойишталик замирида катта меҳнат мужассам. Махсус хизматлар ходимларининг тунни тонгга улаб олиб бораётган ишлари туфайли кўчаларимизга ёмон ниятли кимсалар оралай олмайди, тинчимизни биров беҳуда бузмайди.    

Албатта, хавфсизликни, хотиржамликни таъминлаш давлатнинг зиммасидаги вазифа. Ушбу мақсад йўлида амалга оширилган ишлар натижасида Ўзбекистон хавфсиз мамлакатлардан қаторидан жой олган.          

Давлатимиз раҳбарининг 2021 йил 29 ноябрь куни эълон қилинган “Ўзбекистон Республикаси жамоат хавфсизлиги концепциясини тасдиқлаш ва уни амалга ошириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармони эса халқимиз осойишталигини янада мустаҳкамлашга қаратилган.   

Мазкур фармон билан Жамоат хавфсизлиги концепцияси тасдиқланди.

Концепция миллий хавфсизликнинг асосий йўналишларидан бири ҳисобланган республикамизда жамоат хавфсизлигини таъминлаш бўйича давлат сиёсатини белгиловчи муҳим ҳужжат сифатида намоён бўлди.

Ҳужжат асосида ҳуқуқ-тартибот ва бошқа масъул идораларнинг фаолияти “Барча саъй-ҳаракатларимиз инсон қадри учун”, деган устувор ғоя асосида янада кучайтирилади.

Бунда жамиятда ижтимоий-сиёсий барқарорликни таъминлаш,  аҳолининг ҳуқуқий онги ва сиёсий-ҳуқуқий маданиятини, ижтимоий фаоллиги, фуқаролик масъулиятини ошириш, давлат ва жамият бошқаруви тизимини мустаҳкамлаш миллий манфаатлар сифатида намоён бўлади.  

Давлат ва жамият ишларини бошқаришда жамоатчилик иштирокини кенгайтириш, мамлакатнинг ижтимоий-сиёсий ҳаётида ўзини ўзи бошқариш органлари, нодавлат нотижорат ташкилотлар, оммавий ахборот воситаларининг фаоллигини ошириш,  жамиятда миллатлараро ва динлараро муносабатлар, диний бағрикенглик маданияти, дўстлик, ўзаро ҳамкорлик ва гуманизмни ҳар томонлама мустаҳкамлаш каби устувор мақсадлар ҳам миллий манфаатларимиз узвий давоми сифатида амалга оширилади.  

Концепция илғор хорижий ва миллий тажрибаларни инобатга олган ҳолда тайёрланган ҳамда жамоат хавфсизлиги соҳасида давлат сиёсатининг асосий йўналишлари ва уни амалга ошириш механизмлари, жамоат хавфсизлигини таъминловчи ўнта  идоранинг аниқ вазифалари белгиланди.  

Илк маротаба мазкур йўналишда ҳуқуқ-тартибот идоралари билан бир қаторда Маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш, Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш, Соғлиқни сақлаш вазирликлари ва маҳаллий ҳокимликлар масъулияти ҳам белгиланди.  

Фармон асосида 2022-2025 йилларда Ўзбекистонда жамоат хавфсизлигини таъминлаш тизимини ривожлантириш стратегияси тасдиқланди.  

Стратегия мамлакатда жамоат хавфсизлигини таъминлашнинг сифат жиҳатидан янги тизимини жорий этиш бўйича ҳуқуқий, услубий, илмий, ташкилий чораларни ишлаб чиқиш ва самарали амалга оширишни ўз ичига олган.

Стратегияда истиқболли 6 йўналиш бўйича 96 та соҳавий тадбир, уни 2022 йилда амалга ошириш бўйича “Йўл харитаси”да эса 30 та аниқ чоралар назарда тутилган.  

Чоралар жамоат тартибини сақлаш, ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш, йўл ҳаракати ва ёнғин хавфсизлигини таъминлаш, соҳани рақамлаштириш, соғлиқни сақлаш ва маҳаллабай ишлаш тизимини такомиллаштиришга қаратилган.

Стратегияда белгиланган чора-тадбирларнинг самарали бажарилишини ташкил этиш учун ички ишлар вазири шахсан масъул ҳисобланади.

Ички ишлар вазирлиги Жамоат хавфсизлиги департаменти эса Стратегияда белгиланган вазифаларнинг сифатли ижро этилишини таъминлаш мақсадида Миллий гвардия ва бошқа мутасадди идоралар билан биргаликда ҳар йили қўшма дастур ва “Йўл харита”ларини ишлаб чиқиб, Вазирлар Маҳкамасига тасдиқлаш учун киритади ва уларнинг ижросини мувофиқлаштиради.

Стратегия жамоат хавфсизлигини таъминлаш фаолиятини янада такомиллаштириш бўйича услубий асос бўлиб хизмат қилади. 
Унда белгиланган тадбирларнинг амалга оширилиши натижасида фуқароларнинг ҳуқуқлари ва эркинликларининг қонунга хилоф тажовузлардан ҳимояланганлик ҳолати сифат жиҳатидан юқори даражага кўтарилади.

Ички ишлар вазирлигида ташкил этилган Жамоат хавфсизлиги департаментининг алоҳида ўрни белгилаб берилди.  
Қуйидагилар Департаментнинг асосий вазифалари этиб белгиланди:

- ички ишлар органлари жамоат хавфсизлиги бўлинмаларининг фаолиятини мувофиқлаштириш, комплекс таҳлил қилиш ҳамда уларга амалий-услубий ёрдам кўрсатиш;  

- жамоат тартибини сақлаш фаолиятини ташкил этиш, жамоат жойларида аҳолининг хавфсизлигини таъминлашда ички ишлар органлари куч ва воситаларини самарали бошқариш чораларини кўриш;

- ички ишлар органларининг ҳуқуқбузарликлар профилактикаси борасидаги фаолиятини таъминлаш, профилактик ҳисоб ва маъмурий назоратдаги шахсларни ижтимоий мослаштириш ишларини ташкил этиш;

- вояга етмаганлар ва ёшлар, айниқса уларнинг уюшмаган қисми билан манзилли тарбиявий ва профилактик чора-тадбирларни самарали ташкил этиш орқали улар орасида ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш;

- йўл ҳаракати хавфсизлигини таъминлаш фаолиятини ташкил  
этиш, йўл-транспорт ҳодисаларининг барвақт олдини олиш, транспорт воситасини бошқаришга доир чекловларга риоя этилишини назорат қилиш;

- озодликдан маҳрум қилиш билан боғлиқ бўлмаган жазоларни ижро этишни таъминлаш, пробация назоратидаги шахсларнинг хулқ-атворини назорат қилиш, ижтимоий мослаштириш ва қайта жиноят содир этилишининг олдини олиш ишларини ташкил этиш.

Департамент ва унинг ҳудудий бўлинмалари таркибига жамоат тартибини сақлаш, ҳуқуқбузарликлар профилактикаси, йўл ҳаракати хавфсизлиги ва пробация хизматлари киритилади.

Жамоат тартибини оммавий бузиш ҳолатларида ваколатли идораларнинг фаолиятини умумий мувофиқлаштириш вазифаси айнан Департамент зиммасига юклатилади. Унинг қошида ягона идоралараро бошқарув штаби ташкил этилади.  

Фармон билан профилактика инспекторларининг вазифалари такомиллаштирилмоқда. Профилактика инспекторлари ортиқча ва кераксиз юкламалардан озод қилиниб, уларнинг вазифалари 128 тадан 22 тага мақбуллаштирилган ҳолда қатъий рўйхат сифатида тасдиқланди.

Профилактика инспекторларини уларнинг вазифа ва фаолият йўналишлари билан боғлиқ бўлмаган тадбирларга жалб қилиш ҳамда фаолиятига асоссиз аралашиш тақиқланади.

Энди профилактика ва пробация инспекторлари, патруль-пост ва йўл-патруль хизмати ходимларининг фаолиятини баҳолашда самарадорлик индикаторларини ўз ичига олувчи рейтинг тизими жорий этилади. 
 
Бир сўз билан айтганда, фармон асосида жорий этилаётган янги тартиб ва тамойиллар халқимизнинг тинч ва хотиржам ҳаёт кечириши, жамиятда барқарорликни таъминлаш ва янада мустаҳкамлашга хизмат қилади.  

 

Норгул Абдураимова, ЎзА