Spanish
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Барча ҳудудларда ичимлик суви таъминоти ва оқова сув хизматлари учун босқичма-босқич янги тарифларга ўтилади
16:23 / 2023-09-22

АОКАда “Ўзсувтаъминот” АЖ ахборот хизмати раҳбари Акмал Муродов иштирокида брифинг ташкил этилди.

Сўнгги йилларда аҳолини тоза ичимлик суви билан таъминлашга доир дастурлар, киритилган инвестициялар натижасида тоза ичимлик сувини етказиб бериш ҳажми йилдан-йилга ошиб бормоқда.

Мутахассисга кўра, 2017-2023 йиллар мобайнида жами 5 минг 870 та объектда қурилиш ишлари олиб борилиб, салкам 32 минг км ичимлик ва оқова сув тармоқлари қурилган ва реконструкция қилинган. Соҳанинг моддий-техник базасини яхшилаш мақсадида 215 та янги махсус техника воситалари харид қилинган.

Ушбу ишлар натижасида 11,8 миллион нафар аҳолининг ичимлик суви таъминоти яхшиланиб, 6,6 миллион нафар аҳоли илк бор марказлашган ичимлик суви билан таъминланган.  2030 йилга келиб марказлашган ичимлик сув билан таъминланганлик даражасини 90 фоизга етказиш мақсадида 2023-2030 йилларда республика бўйича 50 минг км.дан ортиқ ичимлик суви тармоқлари ҳамда 2 мингта иншоот қуриш ва реконструкция қилиш режалаштирилган.

Марказлашган тизим орқали аҳолига узлуксиз ва сифатли ичимлик суви етказиб бериш бирмунча машаққат, меҳнат ва харажатни талаб этади. Ичимлик ва оқова сув тарифлари Ягона интерактив давлат хизматлари порталида жамоатчилик муҳокамаси учун жойлаштирилади ва монополияга қарши курашиш ҳамда молия органлари хулосалари асосида ҳудудий халқ депутатлари кенгашлари томонидан белгиланади.

Маълумот ўрнида қайд этиш лозимки, 1 метр куб ичимлик сув тариф харажатларида электр энергия харажатлари 27 фоизни, мукаммал ва жорий таъмирлаш харажатлари 19 фоизни, хорижий молия ташкилотларининг жалб этилган кредитларини қайтариш харажатлари 21 фоизни, иш ҳақи харажатлари 29 фоизни, амортизация ва бошқа харажатлар 4 фоизни ташкил этади.

Республикада 1 метр/куб ичимлик суви, яъни 1000 литр сув учун ўртача тариф аҳоли истеъмолчилари 1 минг 384 сўм, бюджет ташкилотлари учун 2 минг 851 сўм ва бошқа улгуржи истеъмочиларга 3 минг 187 сўм, 1 метр/куб канализация хизматлари бўйича ўртача тариф аҳоли истеъмолчиларига 888 сўм, бюджет ташкилотларига 1 минг 669 сўм ва бошқа улгуржи истеъмолчиларга 2 минг1 сўмни ташкил қилади.

Республика бўйича энг арзон 1 метр/куб тариф қиймати Тошкент шаҳрида 400 сўм, энг қиммат тариф қиймати Навоий вилоятида 3 000 сўмни ташкил этади. Ичимлик сувини етказиб бериш харажатлари фарқланиши ҳисобига, тарифлар ҳар бир вилоят ҳудудларида ҳар хил шакллантирилган.

Бугунги кунга қадар Қашқадарё аҳолиси учун 1 м3 ичимлик суви тарифлари 2 000 сўмга, Сурхондарёда 2 минг 140 сўмга, Тошкент вилоятида 1  минг 700 сўмга, Андижонда 1  минг 500 сўмга ўзгарди.

Барча вилоятларда аҳолини марказлашган ичимлик суви билан таъминлаш ҳамда оқова сув хизматлари даражасини ошириш режалаштирилган. Бунинг учун ичимлик суви ва канализация тармоқлари, иншоотлар барпо этилиши зарур.

Бундан ташқари, иш ҳақи, электр-энергия, солиқ тўловлари, хорижий кредитлар тўловини амалга ошириш белгиланган бўлиб, жорий ва капитал таъмирлаш, тизимни модернизация қилиш ишларида ҳам сарф-харажатлар талаб этилади. Шундан келиб чиқиб, республиканинг барча ҳудудларида ичимлик суви таъминоти ва оқова сув хизматлари учун босқичма-босқич янги тарифларга ўтилиши режалаштирилган.

Муҳайё Тошқораева, ЎзА