Гулистон шаҳрида аҳолига ҳуқуқий ва давлат хизматларини “ягона дарча” тамойили асосида кўрсатадиган давлат хизматлари маркази фойдаланишга топширилди.
Янги иншоотнинг ишга туширилиши орқали фуқаролар, тадбиркорлар ва ижтимоий соҳа вакиллари учун кенг қамровли, сифатли, тезкор ва шаффоф хизматлардан фойдаланиш имконияти яратилди. Бундай марказларнинг ташкил этилиши Президентимизнинг “Инсон қадри учун” тамойили асосида амалга оширилаётган ислоҳотларнинг амалий ифодаси саналади. Давлат ва ҳуқуқий хизматларнинг бир жойда жамланиши фуқаролар учун вақт ва ортиқча оворагарчиликни камайтиради, норасмий тўсиқларни бартараф этишга хизмат қилади.
Марказнинг очилиш маросимида Адлия вазири Акбар Тошқулов, Сирдарё вилояти ҳокими вазифасини бажарувчи Эркинжон Турдимов, ҳуқуқни муҳофаза қилувчи идоралар вакиллари, меҳнат фахрийлари ва оммавий ахборот воситалари ходимлари иштирок этди.
Тадбирда таъкидланишича, бундай замонавий инфратузилмалар аҳолига қулай муҳит яратиш, хизмат кўрсатиш самарадорлигини ошириш ҳамда бюрократик тўсиқларни қисқартиришда муҳим аҳамият касб этади.
[gallery-24348]
Тадбирда вилоят ҳокими вазифасини бажарувчи Эркинжон Турдимов сўзга чиқиб, мазкур марказ Сирдарё вилоятида фуқароларни ҳуқуқий қўллаб-қувватлаш ва уларга яқинлашишда муҳим пойдевор бўлишини таъкидлади.
— Бугун фуқароларга қулай шарт-шароит яратиш, уларнинг ҳуқуқий эҳтиёжларини тезкор, холис ва адолатли тарзда қондириш — асосий вазифамизга айланган. Гулистонда очилаётган бу марказ фақатгина бино эмас, балки инсон ҳуқуқ ва эркинликларининг ишончли кафолатига айланади, — деди вилоят ҳокими.
Адлия вазири Акбар Тошқулов эса ушбу иншоот фуқароларнинг давлатга бўлган ишончини мустаҳкамлайдиган, ҳуқуқий маданиятини оширадиган масканга айланишига ишонч билдирди.
Умумий қиймати 6 миллиард 972 миллион сўм бўлган мазкур лойиҳа “Бетон саноат” МЧЖ томонидан амалга оширилди. Миллий ва замонавий меъморчилик анъаналари уйғунлигида барпо этилган бинода шаҳар адлия бўлими, юридик хизмат кўрсатиш маркази, ФҲДЁ бўлими, давлат хизматлари маркази, нотариал хизматлар ва архив бўлимлари жойлашган. Бу эса ҳужжатлаштириш, ҳуқуқий маслаҳат олиш, никоҳни қайд этиш, мулкий муносабатларни расмийлаштириш каби кўплаб муҳим жараёнларни бир жойда ҳал этиш имконини беради.
Бинонинг хизмат кўрсатиш залидаги 17 та қабул ойнаси орқали бир вақтнинг ўзида 450 дан зиёд турдаги давлат хизматлари кўрсатилади. Электрон навбат тизими, ахборот киоскаси, мини-кутубхона, Wi-Fi ҳудуди, маслаҳат хизматлари ва ҳуқуқий ахборот стендлари фуқаролар учун янада қулайлик яратади. Ногиронлиги бўлган шахслар учун махсус йўлаклар, қулай кутиш заллари, болалар майдончаси ва мобил қурилмалар учун қувватлагич жойлари ҳам назарда тутилган. Шунингдек, миллий анъаналар ва замонавий дизайн уйғунлашган фото зона ҳам ташкил этилган бўлиб, келин-куёвлар ҳаётидаги унутилмас лаҳзаларни муҳрлашга хизмат қилади.
Қувонарлиси, янги бинонинг ФҲДЁ бўлимида илк бор, тадбир иштирокчилари кўз ўнгида, 2000 йилда Сардоба туманининг Янгиқишлоқ маҳалласида туғилган Муҳаммадали Бозорбоев ва 2006 йилда Сайхунобод туманида туғилган Нозимахон Бозорбоеваларнинг никоҳи расман қайд этилди. Уларга нуронийларимиз томонидан янги ҳаётга илк қадамларини ташлаганлари муносабати билан оқ фотиҳа берилиб, самимий тилаклар билдирилди.
– Илгари бир ҳужжат олиш учун турли идораларга бориш, соатлаб навбатда туриш керак эди. Энди эса барча хизматлар бир жойда, осон, шаффоф ва ҳеч қандай оворагарчиликларсиз амалга оширилади. Бу катта қулайлик, халққа бўлган эътибор, – деди тадбирда иштирок этган меҳнат фахрийси Тоҳир Самиев.
Тадбир иштирокчилари марказда яратилган шароитлар билан яқиндан танишди. Таъкидланишича, бу каби марказлар давлат билан халқ ўртасидаги ишончни мустаҳкамлаш, ҳуқуқий давлат асосларини барпо этишга хизмат қилади.
Ғулом Примов, Шаҳриёр Ортиқбоев (сурат), ЎзА мухбирлари