Рамазон – меҳр-мурувват, аҳиллик ва шукроналик ойи
Муборак Рамазон ойида эзгулик ва саховат руҳи юртимизнинг ҳар бир гўшасида янада теран намоён бўлмоқда. Жиззах шаҳридаги Марказий деҳқон бозори ҳудудида ташкил этилган арзонлаштирилган озиқ-овқат маҳсулотлари ярмаркаси ана шу саъй-ҳаракатларнинг амалий ифодасига айланди.
Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2026 йил 16 февралдаги “Муборак Рамазон ойини муносиб тарзда ўтказиш тўғрисида”ги қарори ижросини таъминлаш мақсадида йўлга қўйилган мазкур ярмарка аҳолини қўллаб-қувватлаш, айниқса, эҳтиёжманд оилалар дастурхонига барака киритишга хизмат қилмоқда.

Ярмаркада гўшт ва гўшт маҳсулотлари, картошка, сабзи, пиёз, карам, шалғом каби кундалик истеъмол товарлари, шунингдек, ун, макарон, тухум, сут ва сут маҳсулотлари, ёғ-мой ҳамда бошқа озиқ-овқат турлари бозор нархларига нисбатан арзонлаштирилган ҳолда таклиф этилмоқда. Энг муҳими, маҳсулотлар сифати қатъий назорат остида бўлиб, харидорларга муносиб танлов имконияти яратилган.
Маҳсулотлар махсус белгиланган жойларда тартиб билан жойлаштирилгани, нархлар очиқ-ойдин кўрсатилгани аҳолига янада қулайлик туғдирмоқда. Бу эса қарорда белгиланган вазифалар изчил ва масъулият билан ижро этилаётганини кўрсатади.
— Муқаддас ойда шундай ярмаркалар ташкил этилгани халқимизга ғамхўрликнинг ёрқин намунасидир, — дейди Жиззах шаҳри “Жиззахлик” маҳалласида яшовчи меҳнат фахрийси Санобар она Сафарова. — Маҳсулотлар бозордагидан анча арзон, сифати эса юқори. Айниқса, кексалар ва кам таъминланган оилалар учун бу катта енгиллик. Юртимиз тинч, дастурхонимиз тўкин бўлсин, шундай имкониятларни яратиб бераётганлардан миннатдормиз.
Рамазон — нафақат рўза тутиш, балки бағрикенглик, аҳиллик ва шукроналик ойидир. Жиззах Марказий деҳқон бозоридаги ярмарка ана шу фазилатларнинг ҳаётий ифодаси бўлиб, халқ билан давлат ўртасидаги ишонч ва ҳамжиҳатликни янада мустаҳкамламоқда.
Арзонлаштирилган савдо ярмаркаси давом этмоқда.
Абдужалол Қаюмов, ЎзА мухбири