French
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Барқарор тараққиётнинг муҳим омили
17:39 / 2016-05-20

Мамлакатимизда ишлаб чиқаришнинг энергия сиғимини қисқартириш, замонавий энергия тежовчи технологиялар ва қайта тикланувчи энергия манбаларидан фойдаланишни кенгайтиришга қаратилган изчил ислоҳотлар иқтисодиёт тармоқларининг барқарор ривожланишида муҳим омил бўлмоқда.

“Ўзэкспомарказ”да “Ўзбекистон нефть ва гази – OGU-2016” ҳамда “Энергетика, энергия тежамкорлиги, электротехника қурилмалари, ахборот-ўлчов техникалари – Power Uzbekistan 2016” халқаро кўргазмалари доирасида “Энергия самарадорлиги ва энергиянинг қайта тикланадиган манбалари – иқтисодиётни барқарор ривожлантириш асоси” мавзуида матбуот анжумани ташкил этилди.

Ўзбекистон Республикаси Иқтисодиёт вазирлиги томонидан ташкил этилган тадбирда етакчи иқтисодиёт тармоқлари мутасаддилари, мутахассислар, олимлар, халқаро экспертлар, оммавий ахборот воситалари вакиллари иштирок этди.

Мамлакатимизда ишлаб чиқаришнинг энергия сиғимини қисқартириш, замонавий энергия тежовчи технологиялар ва қайта тикланувчи энергия манбаларидан фойдаланишни кенгайтиришга қаратилган изчил ислоҳотлар иқтисодиёт тармоқларининг барқарор ривожланишида муҳим омил бўлмоқда. Бу борада 2015-2019 йилларда иқтисодиёт тармоқлари ва ижтимоий соҳада энергия сиғимини қисқартириш, энергияни тежайдиган технологияларни жорий этиш чора-тадбирлари дастури муҳим аҳамият касб этмоқда.

Ишлаб чиқаришда энергия сиғимини қисқартиришга қаратилган чора-тадбирлар натижасида жорий йилда 500 миллион киловатт/соат электр энергияси ҳамда 150 миллион куб метр табиий газ иқтисод қилиниши кутилмоқда. Етакчи иқтисодиёт тармоқларида қайта тикланувчи энергия манбаларини жорий этиш йилига 250,1 миллион киловатт/соат электр энергияси, 3 миллион куб метр табиий газ ҳамда 20,1 Гкал иссиқлик энергиясини тежаш имкониятини яратади.

Иқтисодиёт вазирлиги ҳамда Жаҳон банки гуруҳининг “Саноат корхоналарининг энергия самарадорлигини ошириш” қўшма лойиҳаси доирасида электроэнергетика, нефть ва газ, кон-металлургия, кимё, қурилиш, қайта ишлаш тармоқларида амалга оширилаётган чора-тадбирлар самарасида йилига 539 миллион киловатт/соат электр энергияси ҳамда 252 миллион куб метр табиий газ тежалади.

– Бундан ташқари, чиқинди газлардан унумли фойдаланишга қаратилган технологияларни ўрнатиш юзасидан ҳам иш олиб борилмоқда, – дейди Жаҳон банкининг лойиҳа раҳбари И.Бўронов. – Мазкур лойиҳада Ўзбекистон металлургия комбинати, Навоий кон-металлургия комбинати, «Муборакнефтгаз», «Шўртаннефтгаз», «Қизилқумцемент», «Фарғонаазот» сингари йирик саноат корхоналари иштирок этмоқда. Бунинг натижасида электр энергия ва табиий газни иқтисод қилиш кўлами янада ортади.

Тадбирда журналистлар кўргазма доирасида энергия ресурсларини қазиб олиш ва қайта ишлаш, энергиядан самарали фойдаланиш ва уни ҳисобга олишни ташкил этиш, энергия тежамкор технологиялар, қайта тикланадиган энергия манбалари йўналишларида намойиш этилаётган экспозициялар билан танишиб, ўзларини қизиқтирган саволларга жавоб олди.