Arabic
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Барқарор иқтисодий тараққиётнинг муҳим омили
20:37 / 2015-09-02

Мамлакатимизнинг барқарор иқтисодий тараққиётини таъминлаш ва келажакда ривожланган давлатлар қаторига кириши иқтисодиётнинг номолиявий секторига ички маблағлар ва чет эл инвестицияларини жалб этишга қодир самарали молия бозорини шакллантириш билан чамбарчас боғлиқ.

Мамлакатимизнинг барқарор иқтисодий тараққиётини таъминлаш ва келажакда ривожланган давлатлар қаторига кириши иқтисодиётнинг номолиявий секторига ички маблағлар ва чет эл инвестицияларини жалб этишга қодир самарали молия бозорини шакллантириш билан чамбарчас боғлиқ.

Бугунги шароитда инвестиция ва пай фондлари иқтисодиётни молиялаштириш манбаларидан биридир. Улар ёрдамида фонд бозорига маблағлар оқими, жумладан, инвестиция жараёнига аҳоли жамғармаларини жалб этиш кўпаймоқда.

Президентимиз Ислом Каримов томонидан илгари сурилган Мамлакатимизда демократик ислоҳотларни янада чуқурлаштириш ва фуқаролик жамиятини ривожлантириш концепциясига мувофиқ ишлаб чиқилган ва шу йилнинг 25 августида қабул қилинган “Инвестиция ва пай фондлари тўғрисида”ги қонун бу борада алоҳида аҳамиятга эга.

ЎзА мухбири Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатасининг Бюджет ва иқтисодий ислоҳотлар қўмитаси раиси Адҳам ШОДМОНОВ билан миллий иқтисодиётимизнинг турли соҳаларини молиялаштириш мақсадида мамлакатимизда жамоавий инвестиция киритиш тизимини ривожлантиришни рағбатлантириш ва вақтинча бўш маблағларни жалб этишга қаратилган ушбу қонун ҳужжатининг роли ва аҳамияти ҳақида суҳбатлашди.

– Пай ва инвестиция фондлари айрим мамлакатлар, умуман, жаҳон иқтисодиётида муҳим ўрин тутади. Катта ҳажмдаги ресурсларни тўплаб, турли объектларга йўналтирадиган ушбу фондлар ташкилотлар ва иқтисодиёт тармоқлари ўртасида инвестицияларни қайта тақсимлашнинг ўзига хос воситасига айланмоқда. Шу боис мамлакатимизда инвестиция киритишнинг турли усуллари ривожланиб бораётгани ва аҳолининг фонд бозори тўғрисида хабардорлиги ошаётгани муносабати билан инвестиция ва пай фондлари инвестиция киритишнинг энг қулай механизмига айланди.

Хусусийлаштириш жараёнларининг чуқурлаштирилаётгани мамлакатимизда инвестиция фондларини жамоавий инвестиция киритиш механизми сифатида ташкил этиш ва ривожлантиришда муҳим омил бўлмоқда. Дастлабки босқичда аҳолини давлат корхоналарини акциялаштириш жараёнига кенг жалб қилиш, акцияларнинг барқарор даромад келтиришини таъминлашга қаратилган инвестиция фондлари тармоқларини ташкил этган ҳолда қимматли қоғозлар бозорини ривожлантириш мақсадида 1996 йил 18 июндаги “Инвестиция фондлари фаолиятини ташкил этиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарор қабул қилинди. Инвестиция фондлари ўз фаолиятини “Қимматли қоғозлар бозори тўғрисида”ги қонун ва Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 1998 йил 25 сентябрдаги “Инвестиция ва хусусийлаштириш инвестиция фондлари фаолиятини такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорига мувофиқ ҳам амалга оширди.

Шундай қилиб, инвестиция ва пай фондлари фуқароларимиз учун ўз жамғармаларини кўпайтириш йўлида яна бир янги имконият, бошқача айтганда, одатдаги банк омонатлари ва нақд валютанинг муқобилига айланди.

– Уларнинг фаолиятини тартибга соладиган махсус қонунчилик ҳужжатининг қабул қилинишига нима сабаб бўлди?

– Президентимиз Мамлакатимизда демократик ислоҳотларни янада чуқурлаштириш ва фуқаролик жамиятини ривожлантириш концепциясида Ўзбекистонда амалга оширилаётган бозор ислоҳотларининг суръати ва мантиқий талабларидан келиб чиққан ҳолда, эркин бозор иқтисодиёти муносабатларини янада ривожлантиришга хизмат қиладиган бир қатор қонунлар қабул қилишни ҳаётнинг ўзи тақозо этаётганини таъкидлади. “Инвестиция ва пай фондлари тўғрисида”ги қонун ҳам шулар жумласидан.

Янги қонун ҳужжатининг қабул қилиниши, шунингдек, илгари амалда қўлланилган қонунчиликда пай фонди тушунчаси ва уни ташкил этиш тартиби мавжуд эмаслиги, унда уларнинг иқтисодиёт тармоқлари ўртасида капиталнинг эркин оқимини таъминлаш, инвесторлар ва аҳоли кенг қатламларига капитал бозоридан фойдаланиш ҳуқуқини тақдим этиш каби вазифаларни самарали бажариш механизмлари мустаҳкамлаб қўйилмагани билан ҳам боғлиқдир.

Айнан шунинг учун инвестиция ва пай фондлари фаолияти соҳасидаги муносабатларни тартибга солиш мақсадида “Инвестиция ва пай фондлари тўғрисида”ги қонун қабул қилингани миллий иқтисодиётимиз учун ғоят муҳим аҳамият касб этади.

Таъкидлаш жоизки, ушбу қонунни сифатли тайёрлаш мақсадида АҚШ, Германия, Жанубий Корея, Россия ва бошқа мамлакатларнинг инвестиция ва пай фондлари фаолиятини тартибга солиш соҳасидаги қонунчилик ҳужжатлари таҳлил қилиб чиқилди. Қонун нормалари ушбу соҳадаги энг яхши халқаро амалиётдан келиб чиққан ҳолда ишлаб чиқилди. Энг муҳими, ушбу қонунчилик ҳужжати мамлакатимизнинг тегишли вазирлик ва идоралари мутахассислари иштирокида ўтказилган конференция ва суҳбатларда атрофлича муҳокама қилинди. Барча сиёсий партиялар фракциялари уни такомиллаштириш бўйича ўз таклиф ва тавсияларини берди.

– Ўзбекистон Республикасининг “Инвестиция ва пай фондлари тўғрисида”ги қонунининг асосий қоидалари хусусида гапириб берсангиз.

– Ушбу қонунчилик ҳужжати 5 боб, 29 моддадан иборат. Уларда инвестиция ва пай фондларини ташкил этишнинг асосий принциплари, иштирокчиларнинг ҳуқуқ ва мажбуриятлари, шунингдек, пай фондларининг иштирокчилари сони ва фаолият муддати бўйича чекловлар, фондлар томонидан жалб этиладиган пул маблағларидан мақсадли фойдаланишни назорат қилиш ва пай фондларини ташкил этишнинг асослилиги механизмлари акс эттирилган.

Чунончи, ушбу қонуннинг 3-моддасига кўра, инвесторларнинг пул маблағларини жалб этиш ва уларни инвестиция активларига қўйиш мақсадида акциялар чиқаришни амалга оширувчи юридик шахс – акциядорлик жамияти инвестиция фондидир. Инвестиция фонди ўз фаолиятини қимматли қоғозлар бозорини тартибга солиш бўйича ваколатли давлат органи томонидан бериладиган лицензия асосида амалга оширади.

Қонунчиликка кўра, инвестиция фондлари ўзи чиқарган акцияларни қайтариб сотиб олиш мажбуриятига эга бўлган ёки ўзи чиқарган акцияларни қайтариб сотиб олиш мажбуриятига эга бўлмаган турда бўлиши мумкин. Инвестиция фондининг тури фонднинг таъсис ҳужжатларида кўрсатилади.

4-моддага биноан, инвестиция фаолиятини амалга ошириш мақсадида икки ва ундан ортиқ шахснинг – инвесторларнинг ўзи ишончли бошқарувга берган пул маблағлари йиғиндиси пай фондидир. Пай фонди қуйидаги турда бўлиши мумкин: чиқарилган инвестиция пайларини ишончли бошқарувчи томонидан фонднинг маблағлари ҳисобидан қайтариб сотиб олиш мажбуриятига эга бўлган пай фонди ёки чиқарилган инвестиция пайларини ишончли бошқарувчи томонидан фонднинг маблағлари ҳисобидан қайтариб сотиб олиш мажбуриятига эга бўлмаган пай фонди. Пай фондининг тури пай фондини ишончли бошқариш шартномасида кўрсатилади.

Шуни айтиш керакки, пай фонди юридик шахс эмас.

Шунингдек, қонунда “инвестиция пайи” ва “инвестиция активлари” каби тушунчалар ҳам мустаҳкамланган. Хусусан, ўз эгаларининг пай фондидаги улушини тасдиқловчи ҳужжатсиз қимматли қоғоз инвестиция пайидир.

Инвестиция пайига бўлган ҳуқуқлар Қимматли қоғозлар марказий депозитарийси томонидан инвестиция пайлари эгасининг депо ҳисоб-варағидан бериладиган кўчирма билан тасдиқланади.

Инвестиция фондининг ёки пай фондининг инвестиция портфелини ташкил этувчи қимматли қоғозлар, улушлар, пул маблағлари (жумладан, чет эл валютаси), омонатлар ва кўчмас мулк инвестиция активларидир.

Таъкидлаш керакки, қонунда инвестиция ва пай фондларини ташкил этишнинг асосий принциплари, иштирокчиларнинг ҳуқуқ ва мажбуриятлари, фондларни тартибга солиш бўйича ваколатли давлат органи, шунингдек, улар томонидан жалб этиладиган пул маблағларидан мақсадли фойдаланишни назорат қилиш механизмлари ҳам белгилаб қўйилган.

Мазкур қонунга кўра, ишончли бошқарувчи билан тузилган шартнома асосида ишончли бошқарувчи номидан ва унинг ҳисобидан фаолият юритувчи Қимматли қоғозлар марказий депозитарийсигина инвестиция пайларини бериш, муомаладан чиқариш ва алмаштириш бўйича агент бўлиши мумкин. Қимматли қоғозлар марказий депозитарийсининг инвестиция пайларини бериш, муомаладан чиқариш ва алмаштиришга доир фаолияти тартиби қимматли қоғозлар бозорини тартибга солиш бўйича ваколатли давлат органи томонидан белгиланади.

– Инвестиция киритишнинг бошқа механизмлари билан таққослаганда, инвестиция ва пай фондларининг афзалликлари нималардан иборат?

– Инвестиция ва пай фондлари мамлакат иқтисодиётига бавосита инвестиция киритадиган институтлар бўлгани боис, қатор афзалликлар яратади. Масалан, кичик хусусий инвесторлар акцияларни танлаш ва фонд бозорида фаолият юритиш учун вақт ва билимга эга эмас. Бироқ улар ҳам йирик профессионал инвесторлар сингари акция ва облигацияларга сарфланган пул маблағларидан фойда олишни истайди. Бу ҳолатда инвестиция ва пай фондлари профессионал бошқарувни таъминлаши мумкин. 

Кўп миқдордаги майда инвестицияларни битта йирик портфель сифатида бошқаришда операциялар кўлами ҳисобидан тежамкорликка эришиш мумкин. Инвестор бундан бошқарув учун кам тўлов шаклида фойда олиши мумкин. Бунинг самарасида инвестиция ва пай фондлари сарф-харажатлар қисқаришини таъминлайди.

Деярли барча мамлакатларда инвестиция ва пай фондлари ҳамда уларнинг ишончли бошқарувчи компаниялари кичик инвесторларнинг манфаатларини ҳимоя қилишга йўналтирилган тартибга солиш қонунчилиги объекти ҳисобланади. Шу боис улар фондларга киритилган пул маблағларини ишончли бошқарувчилар тегишли тартибда бошқариши ва уларни ҳимоя қилишига ишончи комил бўлиши мумкин. Айни пайтда инвесторларнинг пул маблағлари ишончли бошқарувчи активларидан алоҳида ҳисобланади. Улардан ишончли бошқарувчи мажбуриятлари бўйича пул ундирилиши мумкин эмас.

Айнан шу боис инвестиция ва пай фондлари кенг доирадаги инвесторлар учун фонд бозорига инвестиция киритишда қулай восита ҳисобланади. Улар фаолиятини қонунчилик, жумладан, Ўзбекистон Республикасининг “Инвестиция ва пай фондлари тўғрисида”ги қонуни қоидаларини ҳаётга татбиқ этиш ҳисобидан бошқариш инвестиция муносабатларини иқтисодий тараққиётнинг жадал суръатларини таъминлаш, таркибий ўзгаришлар жараёнини чуқурлаштириш, иқтисодиётни модернизация ва диверсификация қилиш, унинг жаҳон бозоридаги рақобатбардошлигини оширишнинг муҳим ва зарур шарти сифатида тартибга солиш имконини беради.