2025 йилда “Тадбиркорлар билан очиқ мулоқот”га тайёргарлик жараёнида Самарқанд вилоятида қишлоқ хўжалиги соҳасида фаолият юритувчи тадбиркорлар билан ўтказилган очиқ мулоқот давомида Навоий вилоятида фаолият олиб борган “Tayanch” (номи ўзгартирилган) фермер хўжалигининг банкрот деб топилиб, давлат реестридан чиқарилгани, шунингдек, хўжалик томонидан етиштирилган пахта ҳосилини ҳамда тадбиркорлик фаолиятини сақлаб қолиш бўйича амалий ёрдам сўраб Вакил девонига қилинган мурожаати ўрганилди.
Аниқланишича, Кармана туманлараро иқтисодий суди томонидан тўловга қобилиятсиз деб топиш тўғрисидаги иқтисодий иш юзасидан суднинг 2023 йил ноябрдаги ҳал қилув қарорига асосан фермер хўжалиги банкрот деб топилган ва тугатишга доир иш юритиш бошланган.
Кармана туманлараро иқтисодий судининг ажримига асосан 2025 йил январь ойида фермер хўжалигини тугатишга доир иш юритиш тамомланган ҳамда фермер хўжалиги тугатилганлиги тўғрисида ёзув юридик шахсларнинг ягона давлат реестрига киритиш топширилган.
Натижада, тадбиркорлик фаолияти тугатилиб, фермер хўжалигининг банк ҳисоб рақамлари ёпилган, хўжалик томонидан етиштирилган пахта ҳосилини топшириш имконияти чекланган.
Мурожаатни ўрганиш ва иқтисодий ишнинг Навоий вилоят суди Иқтисодий ишлар бўйича судлов ҳайъати Кассация инстанцияси томонидан кўриб чиқилиши давомида Вакил девони ходимлари томонидан тадбиркор ҳуқуқлари ҳимоя қилинди.
Натижада, давлат реестридан чиқарилган фермер хўжалик фаолияти қайта тикланиб, банк ҳисоб рақамлари қайта фаоллаштирилди ва хўжалик томонидан етиштирилган 19 тонна пахта ҳосили нобудгарчиликсиз топширилиши таъминланди.
А.Бўриев, ЎзА мухбири