Қазақ
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Банклар томонидан 119 ярим триллион сўм кредит ажратилган
15:39 / 2021-10-29

Марказий банк томонидан 2021 йил 9 ойи якунлари бўйича тижорат банклари томонидан амалга оширилган кредитлаш ва банкларда юзага келган муаммоли кредитларнинг турли сегментлари бўйича ўтказилган таҳлил натижалари маълум қилинди.

Жорий йилнинг ўтган даврида банк тизими асосий кўрсаткичларида ижобий ўсиш суръатлари сақланиб, мақбул даражадаги молиявий барқарорлик кўрсаткичлари доирасида иқтисодиётнинг кредитга бўлган талаби қондириб борилмоқда.  

 Банклар томонидан иқтисодиётга 2021 йилнинг 9 ойи давомида 119,5 триллион сўм миқдорида ёки ўтган йилнинг мос даврига нисбатан 32,8 фоиз кўп кредит ажратилган.  

 Мазкур кредитларнинг асосий қисми (76 фоизи), 91 триллион сўми тадбиркорлик субъектларига (корпоратив мижозлар) ажратилган бўлиб, уларнинг 66 триллион сўми узоқ муддатли инвестицион лойиҳаларга ва 25 триллион сўми револьвер асосида хўжалик фаолияти узлуксизлигини таъминлашга йўналтирилган.  

 Аҳолининг истеъмол эҳтиёжларини қондириш ва даромадли меҳнат билан банд бўлиш мақсадларига жами 29 триллион сўм ёки ўтган йилнинг мос даврига нисбатан 46 фоиз кўп кредит йўналтирилган. Аҳолига ажратилган жами кредитлар қолдиғи жорий йилнинг 9 ойи давомида 11 триллион сўм ёки 20 фоизга ошиб, 2021 йилнинг 1 октябрь ҳолатига 66 триллион сўмга етган.  

 Банк тизимида муаммоли кредитлар (NPL) улуши жорий йилнинг июль ойида энг юқори даража - 6,2 фоизга етган эди. Ўз навбатида, муаммоли кредитлар улуши жорий йилнинг август-сентябрь ойларида 0,4 фоиз бандга камайиб, 1 октябрь ҳолатига 5,8 фоизни (18,1 триллион сўм) ташкил этди.  

 Мижозлар бўйича муаммоли кредитларнинг 29 фоизи (5,2 триллион сўм) жисмоний шахслар ва 71 фоизи (12,9 триллион сўм) юридик шахсларга ажратилган кредитлар ҳиссасига тўғри келади.  

 Тармоқлар кесимида муаммоли кредитларнинг ўсиши асосан транспорт ва коммуникация, қишлоқ хўжалиги, савдо ва умумий овқатланиш ва қурилиш соҳалари ҳиссасига тўғри келмоқда.  

 Маълумот ўрнида айтиш жоиз, жорий йилнинг 9 ойи давомида банк тизимида юридик шахсларнинг муаммоли кредитлари ҳажми 2,6 баробарга ўсган бўлса, жисмоний шахсларнинг муаммога айланган кредитлари ҳажми 5,4 баробарга ўсиб, уларнинг жами муаммоли кредитлардаги улуши 17 фоиздан 29 фоизга етди.  

 

Шаҳноза Маматуропова, ЎзА