Адлия вазирлигида кредит ташкилотларида “сирли мижоз” усулидаги назорат тадбирларини ўтказиш тартиби тўғрисидаги низом давлат рўйхатидан ўтказилди.
Унга кўра, кредит ташкилотларида истеъмолчилар билан ўзаро муносабатларни амалга ошириш пайтида уларнинг фаолиятига қўйиладиган талабларга риоя этилишини текшириш мақсадида “сирли мижоз” усулидаги назорат тадбирлари ўтказилади.
“Сирли мижоз” усулидаги назорат тадбири Марказий банк ёки унинг ҳудудий филиаллари масъул ходимлари томонидан бевосита жойига чиққан ҳолда ёки масофадан туриб амалга оширилади.
Назорат тадбири кредит ташкилотини олдиндан хабардор қилмаган ҳолда олиб борилади.
Назорат тадбирини ўтказиш учун Марказий банк раисининг ўринбосари ёки Марказий банк ҳудудий бош бошқармаси бошлиғининг фармойиши чиқарилади.
3 иш кунигача, давомли операциялар (ҳаракатлар) учун ушбу операциянинг (ҳаракатнинг) охирги кунигача бўлган муддат белгиланади.
Назорат тадбири якунлангандан сўнг, “сирли мижоз” томонидан далолатнома тузилади.
Ш.Маматуропова, ЎзА