Банкда амалиёт ўтаган талаба ўзича жиноий режа тузади. Банк ходимиман, деб мижозларнинг маблағини қўлга киритиш ҳаракатига тушади.
Банк тизими орқали мижозлардан бирининг картасини фаоллаштирган ва унга қўнғироқ қилиб, банк ходими эканлигини билдириб, смс-хабарномани қўлга киритган.
Шу йўл билан у мавжуд бўлган барча пулларни бошқа номаълум шахс номига расмийлаштирилган банк картасига ўтказиб олиб, турли банкоматлар орқали пулларни ечиб олган.
Сурхондарё вилояти Термиз шаҳрида яшовчи М.Ш. ариза билан мурожаат қилиб, номаълум шахс унинг банк картасидан 75 миллион 700 минг сўм пулларини ечиб олганини билдиради. Номаълум шахсга нисбатан қонуний чора кўришни ва пулларни қайтаришда ёрдам сўрайди.
Олиб борилган тезкор-қидирув тадбирлар давомида ушбу жиноятни университетлардан бирида 4-курсда ўқиётган талаба - 1997 йилда туғилган М.А. содир этгани аниқланди.
ИИВ Киберхавфсизлик марказидан хабар беришларича, М.А.га нисбатан Жиноят кодексининг 169-моддаси 2-қисми билан жиноят иши қўзғатилиб, дастлабки тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.
ЎзА