Коррупция — нафақат мамлакат иқтисодий ривожланишига, жамият тараққиётига, балки ҳар бир фуқаронинг келажагига хавф солувчи жиддий муаммо. Бугун унга қарши курашиш фақат жазо чоралари билан эмас, балки очиқлик, шаффофлик ва фуқароларга ҳисобдорлик орқали амалга оширилиши зарур бўлган давлат сиёсатига айланди.
Шу мақсадда Ўзбекистон Республикаси Марказий банкида 9 декабрь – Халқаро коррупцияга қарши курашиш куни муносабати билан матбуот анжумани ўтказилди. Анжуман давлат улуши мавжуд тижорат банкларида очиқликни таъминлаш, манфаатлар тўқнашувининг олдини олиш ва коррупцияга қарши тизимли ёндашувни кучайтиришга қаратилди.

Тадбирда Марказий банк ва банк секторининг масъул тузилмалар раҳбарлари, шунингдек ОАВ вакиллари иштирок этди.
Тадбирда жорий йил давомида амалга оширилган ишлар ҳақида атрофлича ахборот берилди. Хусусан, банклараро жараёнларни рақамлаштириш орқали инсон омилини камайтириш, “ҳалоллик стандарти”ни жорий қилиш, очиқ маълумотлар ва ҳисоботларни кенг жамоатчиликка тақдим этиш, манфаатлар тўқнашувининг олдини олиш бўйича янги қоидаларни амалиётга татбиқ этиш каби йўналишлар батафсил муҳокама қилинди.

Анжуманда Марказий банк ва Коррупцияга қарши курашиш агентлиги ўртасидаги ҳамкорлик чуқур таҳлил қилинди. Хусусан, “Давлат улуши мавжуд тижорат банкларида коррупцияни олдини олиш бўйича ишлар самарадорлигини ошириш” тўғрисидаги қўшма қарор ижроси юзасидан маълумот берилди.
Муҳокамалар давомида банк тизимидаги хавф-хатарлар, уларнинг келиб чиқиш сабаблари ва амалга оширилаётган профилактик чора-тадбирлар кенг ёритилди.
Марказий банкнинг бу борадаги ёндашуви нафақат ички тизимни коррупциядан тозалаш, балки мамлакатда коррупцияга қарши мустаҳкам иммунитет шакллантиришга хизмат қилиши қайд этилди.

– Тадбирда асосий эътибор коррупция хавф-хатарларини аниқлаш ва уларнинг олдини олишга қаратилди, – дейди Марказий банкнинг комплаенс назорат хизмати раҳбари ўринбосари Бобур Ботиров. – Қўшма қарор асосида давлат улушига эга тижорат банкларига бир қатор вазифалар белгилаб берилган: коррупцияга қарши курашиш тузилмаларининг мустақиллигини таъминлаш, уларнинг ички тизимини янгилаш, рақамлаштириш ишларини жадаллаштириш. Бу борада тизимли ишлар олиб борилмоқда. Мамлакатимизда банк тизимида коррупция ҳолатлари ўтган йилга нисбатан камайган.
Ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар маълумотига кўра, жорий йилнинг 10 ойида мамлакатимиздаги тижорат банкларида 268 та коррупция билан боғлиқ жиноят содир этилган. Марказий банкнинг бу борадаги стратегияси нафақат ички тизимни коррупциядан тозалаш, балки мамлакатда коррупцияга қарши мустаҳкам иммунитет шакллантиришга хизмат қилади.
Шаҳноза Маматуропова, Аслиддин Алижонов (сурат), ЎзА