Spanish
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Банк сармояси вилоят иқтисодиёти ривожига хизмат қилади
11:49 / 2023-04-08

“Микрокредитбанк” акциядорлик-тижорат банки Сурхандарё вилоятидаги “Алпомиш сервис инвест” хусусий корхонасига пресс-тур ташкил этди. Президентимизнинг 2021 йил 1-2-июнь кунлари Сурхондарё вилоятига сафари чоғида “Алпомиш Сервис Инвест” хусусий корхонасининг Музработ туманидаги бир марталик тиббий шприц ишлаб чиқариш лойиҳасини барпо этиш юзасидан тегишли топшириқлар берилган эди.

“Микрокредитбанк” акциядорлик-тижорат банки молиялаштирган мазкур лойиҳа тез бунёд этилиб, хориж ускуналари билан жиҳозланди ва ўтган йили фойдаланишга топширилди. Марказий ва маҳаллий оммавий ахборот воситалари вакилларига дастлаб молия муассасасининг кейинги йилларда ўзининг кредит линиялари орқали жалб қилган маблағлари билан янги корхоналар барпо этиш, иқтисодиётнинг реал сектори корхоналарини модернизация қилиш, техник ва технологик қайта жиҳозлаш ҳамда ишлаб чиқаришни диверсификациялашга доир инвестиция лойиҳаларини қўллаб-қувватлашга қаратилган жараёнлари ҳақида атрофлича маълумот берилди. Жумладан, биргина жорий йилнинг ўтган даврида “Микрокредитбанк” акциядорлик–тижорат банки мамлакатимиздаги тадбиркорларнинг 66 та инвестицион лойиҳаларини қўллаб-қувватлаб, 376 миллиард сўм ажратди. Бундай истиқболли лойиҳаларни молиялаштириш давом этмоқда.  

Жанубдаги вилоятнинг Музработ туманида иш бошлаган “Алпомиш сервис инвест” хусусий корхонасининг тиббий шприц ишлаб чиқариш корхонаси ҳам “Микрокредитбанк” акциядорлик-тижорат банки кўмаги билан қурилиб, ишга туширилди.  

–Замонавий янги корхонани бунёд этиш учун тижорат банкининг 2 миллион 940 минг евро миқдоридаги кредит маблағидан фойдаландик, – дейди корхона раҳбари Ҳасан Панжиев. – 1 миллион 60 минг евро ўз маблағимизни сарфладик. Бу мамлакатимиздаги саноқли ишлаб чиқариш линияларининг биридир. Тўлиқ хориж технологиялари билан жиҳозланган. Унинг биринчи босқичида 50 кишини иш билан таъминлаб, икки, беш ва ўн миллиграммли бир марталик тиббий шприц ишлаб чиқаришни йўлга қўйдик. Бу йил иккинчи босқичини ишга тушириб, яна 50 та янги иш ўрни яратамиз. Инфезион система ишлаб чиқаришга мўлжалланган бу лойиҳамиз учун ҳам тижорат банки ўн миллиард сўм кредит маблағи ажратди.  

Тадбиркорнинг айтишича, тумандаги Янги Диёр маҳалласида ишга туширилган корхонада асосан ижтимоий дафтарлар руйхатига киритилган аёллар махсус ўқитилиб, ишга қабул қилинган. Тайёр маҳсулотнинг 70 фоизи маҳаллий, 30 фоизи хориж хом ашёси асосида ишлаб чиқарилмоқда.  

Икки сменада ишлаётган корхонада йилига 200 миллион дона арзон, сифатли бир марталик тиббий шприц тайёрланиб, мамлакатимиздаги буюртмачиларига етказиб берилаётир. Пресс-тур доирасида журналистлар корхона цехларида бўлиб, мамлакатимизнинг чекка ҳудудида бир марталик сифатли тиббий шприц ишлаб чиқараётган ишчилар билан суҳбатлашди. Ишлаб чиқариш жараёнларини кузатди.  

–Корхона очилганидан буён қолиплаш цехида ишлаяпман,–дейди Янги Диёр маҳалласилик Замира Қодирова.–Барча ускуналар хорижники. Ишлаб чиқариш жараёни замонавий технологиялар ёрдамида бошқарилади. Цехимиз кенг, ёруғ ва озода. Яқин йилларда ҳам биз чекка маҳалламизда бундай шароитларга эга корхонада ишлашни тасаввур қилолмас эдик. Албатта, ҳар биримиз махсус кийимларда санитария-гигиена қоидаларига қатьий риоя этган ҳолда меҳнат қиламиз. Меҳнатимизга яраша ойлик иш ҳақимизни ҳам ўз вақтида оляпмиз. Шу ердаги ошхонада бепул иссиқ овқат ташкил этилган.  

Пресс-тур иштирокчилари корхона билан яқиндан танишиш жараёнида экспорт салоҳияти ва тадбиркорнинг келгусидаги режалари билан ҳам қизиқди.  

–Тиббиётда кўп қўлланиладиган бир марталик шприцларимизга қўшни давлатлар ҳам катта қизиқиш билдирмоқда,–дейди корхона раҳбари Ҳасан Панжиев.–Экспортни йўлга қўйшимиз учун аввал ана шу турдаги маҳсулот билан мамлакатимиздаги эҳтиёж тўлиқ қопланиши керак, деб ўйлаймиз. Ҳозир ҳам юртимизга тиббий буюмларнинг қарийб 200 тури хориждан олиб келинади. Биз ана шу турдаги айрим буюмларни аста-секин ўзимизда ишлаб чиқаришни йўлга қўйишни мақсад қилганмиз. Ишлаб чиқаришнинг учинчи босқичида инфезион эритмалар тайёрлашни ўзлаштирмоқчимиз.  

Яна бир гап: “Микрокредитбанк” АТБ Сурхондарё вилояти филиали воҳадаги энг йирик, ишончли молия муассасаларидан бирига айланган. Тижорат банкининг ташаббускор ишбилармонларни қўллаб-қувватлаётгани яқин йилларда ҳам аграр ҳудуд бўлган вилоятни янги босқичда юксалтириб, саноат ва хизматлар кўрсатишни кенг йўлга қўйишда муҳим омил бўлмоқда. Хусусан, ўтган даврда тижорат банки Музработ туманидаги "Dustlik Cooperation" масъулияти чекланган жамиятининг ун маҳсулотлари ишлаб чиқариш лойиҳасини кенгайтириши учун 6 миллион доллар, Қумқўрғон туманидаги "Ниёзов Абулқосим" хусусий корхонасининг паррандачилик лойиҳасини ишга тушириши учун 300 минг доллар, Термиз туманидаги “Термиз Текстиль” масъулияти чекланган жамиятининг тўқимачилик маҳсулотларига ранг бериш ва тикувчилик лойиҳасини молиялаштиришга бир миллион доллар кредит маблағи ажратди. Бундай мисолни яна кўплаб келтириш мумкин.  

Президентимизнинг 2021 йил 14 июндаги “Паррандачиликни ривожлантириш ва тармоқ озуқа базасини мустаҳкамлашга қаратилган қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида” ги қарорига мувофиқ вилоятдаги 12 та паррандачилик корхонасига хизмат кўрсатиб келаётган тижорат банки ўтган йили уларнинг тухум ва гўшт ишлаб чиқариш лойиҳаларини қўллаб-қувватлаб, 23 миллиард сўмликдан ортиқ кредит ажратди. Шунингдек, тижорат банкининг оилавий тадбиркорликни янада ривожлантириш йўлида амалга ошираётган ишлари ҳам эътиборга сазовор. Бу борадаги барча ишлар мамлакатимиз тараққиёти, юртимиз ободлиги ва аҳоли турмуш даражасини оширишга қаратилгани билан аҳамиятлидир.  

– Мамлакатимизга тадбиркорлик билан шуғулланадиган замон келди, – дейди Сурхондарё вилояти телерадиокомпанияси мухбири Сарвар Тўраев. – Истиқболли лойиҳа ва ишончли ғоянгиз бўлса, тижорат банки қўллаб-қувватлаб, уни руёбга чиқаришингизга кўмаклашади. Гапнинг рости яқин йилларда ҳам Сурхондарёда тиббиёт учун зарур бир марталик шприц ишлаб чиқариш линияси бунёд этилишини кўз олдимизга келтиролмас эдик. Қаранг, чекка бир қишлоқда қандай кўркам, озода корхона қурилиб, ишга туширилибди. Корхона ҳам, ишчиларнинг кайфияти, ўз ишига муносабати ва ишлаб чиқараётган тайёр маҳсулотлари ҳам менга жуда манзур бўлди. Мана шундай тадбирларнинг тез-тез уюштирилиши халқимизни юртимизда амалга оширилаётган улкан ислоҳотлар билан янада яқин таништиришда муҳим ўрин тутади.  

Пресс-тур иштирокчилари хусусий корхонадан бир олам таассуротлар билан қайтди.  

Холмўмин МАМАТРАЙИМОВ,  

ЎзА мухбири