Банк раҳбарияти тадбиркорларнинг таклифларини тинглади
“Асака” банк бошқаруви раисининг ўринбосари Бобохон Абдуллаев Наманганда банк филиали мижозлари учун сайёр қабул ўтказди.
“Асака” банк бошқаруви раисининг ўринбосари Бобохон Абдуллаев Наманганда банк филиали мижозлари учун сайёр қабул ўтказди.
Ҳудуддаги қатор тадбиркорлик субъектлари раҳбарлари иштирок этган очиқ мулоқотда банк ва мижоз ўртасидаги ҳамкорлик алоқаларини янада такомиллаштириш орқали банк хизмати кўрсатиш сифати ва самарадорлигини ошириш механизмларига доир масалалар юзасидан фикр-мулоҳазалар алмашилди. Бу борада тадбиркорларнинг таклифлари тингланди.
– Мижоз банкка эмас, банк мижозга хизмат қилиши керак, деган тамойил иқтисодий ислоҳотларимизнинг бугунги босқичда амалий аҳамият касб этаётган шиорга айланди, – деди Б.Абдуллаев. – Мамлакатимизнинг барча ҳудудларида ташкил этилаётган шундай сайёр қабуллардан кўзда тутилган мақсад, жойларда бевосита тадбиркорлик субъектлари вакиллари билан юзма-юз суҳбатлашиб, уларни қийнаётган муаммоларни ўрганиш ва бартараф этиш, тадбиркорларга ёрдам бериш билан бир қаторда банк ва тадбиркор ўртасидаги ҳамкорлик самарадорлигини ошириш юзасидан таклифларни йиғишдир.
Сайёр қабулда тадбиркорлар томонидан ўртага ташланган ўндан зиёд масала банк вилоят филиали раҳбарияти, бўлим бошлиқлари ва мутахассислари иштирокида кўриб чиқилди.
– Корхонамиз сочиқ ишлаб чиқаришга ихтисослашган, – деди “Зуҳро Юлдуз дизайн” масъулияти чекланган жамияти раҳбари Х.Усмонов. – Шунингдек, биз ишлаб чиқаришни кенгайтириш, маҳсулот турини кўпайтириш ҳамда экспортга чиқиш йўлида мунтазам изланишдамиз. Бу борада биз ҳамиша банк кўмагига таянамиз. Эко-сумка ишлаб чиқаришни йўлга қўйиб, бу маҳсулотимиз билан Англия бозорига кириб бордик, шу йилнинг ўтган даврида 360 минг долларлик маҳсулот экспорт қилдик. Маҳсулотимизга талаб тобора ортиб бормоқда. Ишлаб чиқариш ҳажмини кўпайтириш учун бизга қўшимча сармоя керак. Шу мақсадда бизга 1 миллиард 500 миллион сўм кредит ажратилса, маҳсулот ишлаб чиқариш ва экспорти ҳажмини янада ошириб, янги иш ўринларини яратамиз.
Сайёр қабулда шундай мурожаатлар рўйхатга олиниб, тадбиркорлар ташаббусларини молиявий қўллаб-қувватлаш юзасидан вазифалар белгилаб олинди.