Spanish
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Банк назорати қўмитасининг бир йиллик фаолияти таҳлил қилинди
16:28 / 2022-12-29

Марказий банк бошқаруви йиғилишида Марказий банкнинг Банк назорати қўмитаси 2022 йилги фаолияти таҳлил қилинди.

Қайд этилишича, қўмита томонидан жорий йил давомида 88 та йиғилиш ўтказилган. Уларда рухсат бериш тартиботи билан боғлиқ 218 та ва кредит ташкилотларининг молиявий ҳолатига доир 82 та масала ўрганиб чиқилди.  

Рухсат бериш тартиботи йўналишида ўтказилган муҳокамаларда банклар томонидан келишиш учун тақдим қилинган ҳужжатлар, жумладан, кредит ташкилотлари уставига киритилган ўзгартиришларни рўйхатдан ўтказиш, кредит ташкилотларини лицензиялаш, давлат реестридан чиқариш ва дастлабки рухсат бериш ҳамда тўлов ташкилотларини реестрга киритиш, шунингдек, ваколатхонани аккредитация қилиш ва репо операциясига рухсат бериш билан боғлиқ масалалар кўрилди.  

Молиявий ҳолатни кўриб чиқиш бўйича ўтказилган йиғилишларда кредит ташкилотларида пруденциал меъёрлар талабларининг бажарилиши юзасидан масофавий ва жойида ўтказилган ўрганиш натижалари, хусусан, банклар фаолиятида мавжуд хатарлар бўйича ўтказилган тематик ўрганишлар натижалари муҳокама қилинди.  

Қолаверса, пруденциал нормативларга риоя этилмагани, молиявий йўқотишларга қарши захиралар яратилмагани, молиявий ҳолати тўловга қобилиятсиз бўлганлиги, ҳисобот маълумотларини бузиб кўрсатиш орқали Марказий банкка ҳаққоний бўлмаган маълумотлар тақдим қилиб келингани сабабли, “Туркистонбанк” ва  “HI-TECH BANK” банклардан банк фаолиятини амалга ошириш ҳуқуқини берувчи лицензия чақириб олинди.  

Шунингдек, қонунчиликда белгиланган муддатларда ўз фаолиятини бошламагани учун 3 та (“International Eco Pay”, “Panda internet technology”, “Ugnis”) тўлов ташкилотларидан лицензиялар чақириб олинди.  

Қўмита бундан кейин ҳам банк тизими барқарорлигини сақлаб туриш, омонатчилар ва кредиторлар манфаатлари ҳимоя қилинишини таъминлаш билан бирга, халқаро стандартларга мувофиқ банк тизимини тартибга солиш ва назорат қилишнинг ҳуқуқий асосларини янада такомиллаштириш каби масалаларга эътибор қаратади.  

Маълумот ўрнида, Марказий банкнинг Банк назорати қўмитаси “Ўзбекистон Республикасининг Марказий банки тўғрисида”ги Қонун талаблари асосида ташкил қилинган ва доимий равишда фаолият юритувчи коллегиал орган ҳисобланади.  

ЎзА