Chinese
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Банк-молия академияси халқаро илмий-амалий анжуманга мезбонлик қилди
20:28 / 2023-12-01

Янги Ўзбекистон тараққиёт стратегиясини амалга ошириш жараёнида орттирилган тажриба ва жамоатчилик муҳокамаси натижалари асосида ишлаб чиқилган «Ўзбекистон — 2030» стратегиясида қатор соҳаларни ривожлантириш, турли лойиҳалар орқали халқ манфаатига хизмат қиладиган ишлар кўлами ортиб бормоқда.

Давлатимизнинг устувор йўналишларини белгилаб бераётган мазкур стратегияда, жумладан, иқтисодиёт, банк-молия соҳасини тараққий эттириш, мамлакатнинг инвестицион салоҳиятини рўёбга чиқаришга алоҳида эътибор қаратилган.

Жумладан, Ўзбекистон Республикаси Банк-молия академиясида «Молия тизимини рақамли технологиялар ёрдамида трансформация қилиш: муаммолар ва ечимлар» мавзусида халқаро илмий-амалий конференция бўлиб ўтди.

Йиғилишда Олий Мажлис Сенати аъзолари, Иқтисодиёт ва молия вазирлиги, Марказий банк, Рақобатни ривожлантириш ва истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш қўмитаси мутасаддилари, шунингдек, Малайзия, Баҳрайн, Қирғизистон, Англия, Россия каби давлатларнинг етакчи олим, эксперт ва мутахассислари иштирок этди.

Халқаро илмий-амалий  анжуманнинг асосий мақсади илмий жамоатчиликка банк-молия тизимидаги замонавий ютуқларни тақдим этиш ҳамда фан, техника ва технологиянинг устувор йўналиши бўйича тадқиқотларнинг ҳозирги тенденция ва натижаларини муҳокама қилишдир.

Бугунги кунда жадал суръатларда рўй бераётган рақамли экотизим молиявий тизимнинг ҳам кенг кўламли трансформация бўлишига олиб келмоқда. Рақамли технология инсонлар томонидан деярли барча молиявий хизматларни вақт ва замон чегараларисиз амалга оширишга, шунингдек, бизнес тузилмаларга ҳам кўлам жиҳатдан йирик мақсадга эришиш имконини беряпти.

Анжуманда трансформация жараёни ўзи билан бир қатор муаммоларни ҳам яратиши таъкидланди. Шундай муаммолар сифатида киберхавфсизлик бўйича таҳдидлар, аҳолининг интернет билан қамраб олинмаган қисмини молиявий хизматлар жиҳатидан ҳам қамраб олмаслик таваккаллиги, шунингдек, рақамли технологияларни регуляция қилишдаги чалкашликни келтириб чиқариши мумкин.

Қайд этиш керакки, мамлакатимизда рақамли иқтисодиётни фаол ривожлантириш, барча тармоқлар ва соҳаларда, энг аввало, давлат бошқаруви, таълим, соғлиқни сақлаш ва қишлоқ хўжалигида замонавий ахборот-коммуникация технологияларини кенг жорий этиш бўйича комплекс чора-тадбирлар амалга оширилмоқда.

Мазкур жараёнда халқаро амалиётни ўрганиш, хорижий илмий жамоатчилик билан тажрибалар алмашиш, ҳамкорликда илмий тадқиқотлар олиб бориш ва илғор ютуқларни амалиётга тавсия этиш устувор вазифа ҳисобланади. Бу, ўз навбатида, мамлакатимизда иқтисодиёт тармоқлари, ижтимоий соҳа ва давлат бошқаруви тизимининг жадал рақамли ривожланишини таъминлаш, шу жумладан электрон давлат хизматларини кўрсатиш механизмларини янада такомиллаштириш мақсадида ишлаб чиқилган «Рақамли Ўзбекистон — 2030» стратегиясини муваффақиятли амалга оширишда муҳим ўрин эгаллайди.

Конференция чоғида мамлакатимизда рақамлаштириш шароитида давлат молиявий назорати тизимидаги ислоҳотлар натижаси, тизимни янада такомиллаштириш масаласи, молиявий тизимни рақамлаштиришнинг асосий ечимлари, Рақамли иқтисодиётда суғурта ва пенсия соҳасидаги муаммоларни ҳал қилиш бўйича маърузалар тингланди.

Анжуман, шунингдек, турли мавзудаги секциялар шаклида давом этди. Жумладан, банк секторини рақамли трансформация қилиш ва хусусийлаштириш масалалари, молия тизимини рақамлаштиришнинг асосий тенденциялари ва устувор йўналишлари, рақамли дунёда молия бозори жозибадорлиги ва самарали корпоратив бошқарув, солиқ тизимини рақамли технологиялар ёрдамида трансформация қилиш бўйича муҳокамалар ташкил этилди.

Йиғилиш якунида долзарб мавзуда ўз мақола ва тезислари билан иштирок этган хорижий ҳамкорлар, профессор-ўқитувчилар, амалиётчи мутахассислар ва илмий тадқиқотчилар сертификат билан тақдирланди.

Беҳруз Худойбердиев, ЎзА