Oʻzbek
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Банк масъулларининг бефарқлиги сабабли тадбиркор сарсон бўлди
16:08 / 2020-10-20

Унинг пеноблок ва шлакоблок ишлаб чиқаришга ихтисослашган “Самадов Одил” хусусий корхонаси лойиҳаси бўйича аллақачон иш бошланган. Корхона учун қурилиш тадбирлари якунига етган.


Одил Самадов сурхондарёлик ишбилармонлардан. 

Унинг пеноблок ва шлакоблок ишлаб чиқаришга ихтисослашган “Самадов Одил” хусусий корхонаси лойиҳаси бўйича аллақачон иш бошланган. Корхона учун қурилиш тадбирлари якунига етган.

Айни вақтда ҳудуддаги 4 нафар фуқаронинг бандлиги таъминланган. Корхона фаолияти тўлиқ йўлга қўйилса, камида 10 та иш ўрни яратилади.

Лойиҳада кўрсатилган асбоб-ускуна, жиҳозлар хариди учун маблағнинг етмаётганлиги тадбиркорни ўйлантириб қўйди. Жамики маблағини корхона қурилишига сарфлаган ишбилармоннинг сўнгги умиди банкдан олиниши мумкин бўлган кредитга тикилди. Лойиҳада фаолият бошланиши учун сарф этиладиган маблағ 300 миллион сўм этиб кўрсатилган.

Одил Самадов мамлакатимизда тадбиркорларга кўрсатилаётган эътибор ва яратилаётган имкониятилардан фойдаланиш истагида муаммосига ечим топиш учун банкка мурожаат қилди. Аммо хурсанд бўлишга бироз эрта экан. Мутасаддилар тадбиркорнинг мурожаатини ҳал қилиб беришга ошиқмади. Икки ой ҳам кўз очиб юмгунча ўтди-кетди. Ўртада тадбиркорнинг сарсонгарчилиги қолди. Масъулларнинг бефарқлигидан тадбиркорнинг фиғони фалакка кўтарилди.

Натижа бўлмагач, тадбиркор ўз ҳудудидан сайланган депутатга мурожаат қилиш орқали масалани бартараф этишга ҳаракат қилди. Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги ЎзЛиДеП фракцияси аъзоси Ҳазратқул Хўжамқуловнинг саъй-ҳаракатлари билан мутасаддиларнинг лоқайдлигига чек қўйилди. Депутат аралашуви муаммони ижобий ҳал қилди.

– Бир тадбиркор ишчи ўрни яратаман, давлатга, иқтисодиётимизга нафим тегсин, деб турган бир вақтда унга кўмак қўлини узатмаслик мумкин эмас, – дейди Ҳ.Хўжамқулов. – Банк мутасаддиларининг бундай бефарқликлари сабабли қанча-қанча тадбиркорлик қиламан деган фуқароларнинг шашти сўнмоқда. Бундай лоқайдликка қарши курашишимиз зарур. Мана, Одил Самадовнинг ҳам муаммоси бартараф этилишига имкон қадар кўмаклашдик, бугун фаолиятини тўлиқ йўлга қўйиш арафасида. Ахир тадбиркор – элимизга мададкорку!