Ўзбек
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Банк мансабдор шахслари қарийб 30 миллиард сўм имтиёзли кредитни талон-торож қилган
10:54 / 2021-04-09

Бош прокуратура ҳузуридаги Департаментнинг матбуот хизматидан хабар беришича, тадбиркорлик субъектларининг ҳуқуқ ва манфаатлари бузилиши билан боғлиқ 470 та ҳуқуқбузарлик ҳолати фош этилиб, уларга етказилган 86,1 миллиард сўм зарарнинг ундирилиши таъминланди.

Қўпол қонун бузилиши ҳолатлари бўйича 455 та жиноят иши қўзғатилди. Коррупцияга оид жиноятларнинг соҳалар бўйича таҳлилига кўра, банк мансабдор шахсларининг 30 та жинояти фош этилган. Бундан ташқари, банк мансабдор шахслари ўз бизнесини йўлга қўйиш мақсадида банкларга мурожаат қилган 669 нафар фуқаронинг аризасидан фойдаланиб, талабгорлар номига 29,6 миллиард сўм имтиёзли кредитларни ноқонуний ажратиб, талон-торож қилган.

Маълумот ўрнида айтиш жоизки, АТ “Халқ банк” Ғазалкент филиали юридик шахсларга хизмат кўрсатиш бўлими бош мутахассиси 2,7 миллиард сўм кредит талон-торож қилгани аниқланган.

Ер мулк кадастр агентлиги тизимидаги мансабдор шахслар томонидан содир этилган 12 та коррупциявий жиноят фош этилган. Масалан, Хўжаобод тумани “Ер мулк кадастри давлат корхонаси” мутахассиси Ж.И. 7 минг 800 АҚШ доллар олган вақтида ашёвий далиллар билан ушланди.

Шу билан бирга, бандлик тизими ҳамда газ таъминоти корхоналари 6 тадан, солиқ, қурилиш, экология, бозорларда 4 тадан, санитария-эпидемиологик марказларида 5 тадан, давлат активларини бошқариш агентлиги, давлат хизматлари маркази, ички ишлар органларида 2 тадан, статистика, сув таъминоти соҳасида 1 тадан ҳамда бошқа идораларда 245 та жиноят содир этилган.

Департаментнинг Яшнобод тумани бўлими томонидан “А.” АЖ қўшма корхонасининг мурожаатига асосан ўтказилган терговга қадар текширувда қўшма корхонанинг 5-омбори собиқ мудири Х.А. ва бошқалар ўзининг моддий жавобгарлигидаги 95,3 миллион сўмлик кабелни гўёки қолдиқда турганлиги ҳақида ҳисоботларни сохталаштириб, аслида эса уларни ўзлаштириш йўли билан талон-торож қилгани аниқланган.

Мазкур ҳолат юзасидан Х.А. ва корхонанинг бошқа масъул ходимларига нисбатан Жиноят кодексининг 167-моддаси (талон-торож қилиш) ва 228-моддаси (ҳужжатларни қалбакилаштириш) билан жиноят иши қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари ўтказилмоқда.

Шаҳноза МАМАТУРОПОВА, ЎзА