Русский
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Банк кредитидан мақсадсиз фойдаланган сурхондарёлик тадбиркор мулкидан айрилди
13:49 / 2023-06-20

Сурхондарё вилояти Музработ туманидаги “Соҳиб-Камол” масъулияти чекланган жамияти раҳбари (номи ўзгартирилди) тижорат банкига учрашиб, корхона фаолиятини янада кенгайтириш ва янги иш ўринлари яратишини қуюқ ваъда бергач, унга имтиёзли кредит маблағи ажратилади.

Ҳисоб рақамида йирик миқдордаги пул маблағи пайдо бўлгач, у бироз шошиб қолганиданми, маблағни бошқа мақсадларда сарфлаб юборади.  

Сири фош бўлиб, иш суд тартибида кўриб чиқилгач, 1 миллиард 703 миллион сўм кредит қарздорлигини ундириш белгиланди. Мазкур ижро ҳужжати Мажбурий ижро бюроси Қизириқ тумани бўлими иш юритувига қабул қилиниб, қарздор жамиятга тегишли барча мол-мулкларига тақиқ ўрнатилди. Олиб борилган мажбурий ижро ҳаракатлари чоғида гаров мулки ҳисобланган Термиз шаҳридаги савдо дўкони хатловга олиниб, аукцион савдоларида 630 миллион сўмга реализация қилинди. Шунингдек, қарздор жамиятга тегишли бўлган “MAN TGS” русумли юк машинаси 450 миллион сўмга баҳоланиб, аукцион савдоларига чиқарилди. Шунингдек, жамиятга тегишли яна иккита автотранспорт воситасига нисбатан қидирув эълон қилиниб, тақиқ ўрнатилди.  

– Афсуски, “уддабурон” тадбиркор олинган кредит маблағидан тўғри фойдаланиб мақсадли сарфлаганида мол-мулкидан ажралиш ўрнига корхонасини ривожлантирган, жамиятга нафи тегиб, икки-уч нафар бўлса-да, ишсиз ёшларни иш билан таъминлаган бўларди, – дейди МИБ Сурхондарё вилояти бошқармаси катта инспектори Қ.Турсунов. – Тўғри, айни пайтда тадбиркорлик ва кичик бизнесни ривожлантириш давлатимиз белгилаб олган сиёсатининг энг устувор йўналишларидан бирига айланган. Лекин, бундай эътибордан белгиланган тартибларга зид фойдаланиш инсофдан эмас-да! Текин бойлик орттиришни мўлжаллаган бу тадбиркор ҳам яратилган имкониятни суиистеъмол қилиб, мол-мулкидан ажралди. Бизнеси ва тижорат банки фаолиятига яхшигина зарар етказди.  

Маълумотларга кўра, жорий йилнинг ўтган даврида МИБ вилоят бошқармаси ва унинг ҳудудий бўлимлари иш юритувига кредит қарздорлигини муддатида тўламаган 20 мингдан ортиқ қарздорликни ундириш тўғрисидаги ижро ҳужжатлари келиб тушган ва мажбурий ижро ҳаракатлари олиб борилди. Шу кунгача уларнинг 11 мингга яқин 907 миллиард сўмлик ижро ҳужжатлари ижроси таъминланиб, иш юритувдан тугатилди. Қарздорларга тегишли 838 та 386 миллиард сўмлик мол-мулк хатланиб, 297 таси ёки 147 миллиард 472 миллион сўмлик мол-мулк сотиш учун онлайн аукцион савдоларига чиқарилди.  

Холмўмин Маматрайимов, ЎзА