Қазақ
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Банк кўмагида хотин-қизлар тадбиркорлиги ривожланмоқда
18:48 / 2022-10-04

Андижонда вилояти оила ва хотин қизлар бошқармаси, Халқ банки вилоят филиали ҳамда бошқа қатор ташкилотлар ҳамкорлигида аёлларни тадбиркорликка жалб этиш, бандлигини таъминлаш, уларнинг тадбиркорлик борасидаги билим ва малакаларини ошириш масалаларига бағишланган давра суҳбати бўлиб ўтди.

Оила ва хотин-қизлар бошқармаси мутасаддилари, АТ Халқ банки вилоят филиали мутахассислари, банк кредити ҳисобига ўз тадбиркорлигини бошлаган ва бошлаш истагидаги хотин-қизлар, шунингдек, тадбиркорлик борасида самарали фаолият олиб бораётган лидер аёллар қатнашган тадбирда Андижон вилоятида ижтимоий ва турмуш шароити оғир, ишсиз хотин-қизларни қўллаб-қувватлаш, уларни меҳнат бозорида талаб юқори бўлган касб-ҳунарларга ўргатиш, ўқитиш, тадбиркорликка жалб этиш ва даромад манбаларини шаклантиришга қаратилган кенг кўламли ишлар амалга оширилаётганлиги таъкидланди.

– Бу борада вилоят оила ва хотин-қизлар бошқармаси ҳамда акциядорлик тижорат Халқ банки вилоят филиали ҳамкорлигида олиб борилган ишлар ижобий самара бермоқда, – дейди Андижон вилояти ҳокими ўринбосари, Оила ва хотин-қизлар бошқармаси бошлиғи Гулнорахон Абдуллаева. – Кўплаб опа-сингилларимиз банк кредити ҳисобига ўз тадбиркорлигини йўлга қўйиб, доимий даромад манбаига эга бўлди.

Дарҳақиқат, ҳамкорлик доирасидаги ишлар хотин-қизлар тадбиркорлигини ривожлантириш учун кенг имкониятлар эшигини очиб бермоқда. Давра суҳбатида ана шу йўналишда олиб борилаётган ишлар, ютуқ ва муаммолар атрофлича муҳокама қилинди. Тадбирда Халқ банки вилоят филиали, унинг туман, шаҳар бўлимлари томонидан жорий йилнинг ўтган даврида “Аёллар дафтари”га киритилган 6 минг нафардан зиёд аёлга ўз тадбиркорлигини йўлга қўйишлари учун имтиёзли кредит ажратилганлиги, бунинг натижасида 11 минг нафардан ортиқ хотин-қизнинг бандлиги таъминланганлиги қайд этилди.

[gallery-9031]

– Мақсадимиз ҳамкор ташкилотлар билан биргаликда маҳаллалардаги қийин шароитда яшаётган, иш билан банд бўлмаган аёлларнинг муаммо ва имкониятларини ўрганиш орқали уларга кўмаклашиш, – дейди АТ Халқ банки вилоят филиали бошлиғи ўринбосари Гулсанам Рустамова. – Ўз тадбиркорлигини бошламоқчи бўлаётган ишсиз аёллар бу борада муайян билимга эгами, банк кредитидан фойдалана оладими, маҳсулот тайёрлаш, сотиш, кредитни қайтариш имкониятлари қай даражада? Юқоридаги саволлар доирасида хотин-қизлар тадбиркорлигини ривожлантириш, тадбиркорлик борасида опа-сингилларимизга зарур билим, тушунча, тавсия ва маслаҳатлар бериш, уларнинг билимларини бойитишга алоҳида эътибор қаратилмоқда.

Давра суҳбатида банк томонидан маҳаллалардаги ишсиз, ўз тадбиркорлигини йўлга қўйиш истагидаги хотин-қизларни тадбиркорликка ўқитиш бўйича семинар-тренинглар, давра суҳбатлари, мулоқотлар доимий ўтказиб борилаётганлиги, бу ўз навбатида хотин-қизлар тадбиркорлигини ривожлантиришга яқиндан ёрдам бераётганлиги айтиб ўтилди.

– Мен ҳунармандман, банк томонидан ташкил этилган семинарларда бир неча бор қатнашиб, тадбиркорлик борасидаги билимларимни бойитдим, – дейди Андижон шаҳридаги Эркин маҳалласида яшовчи Наргизахон Солиева. – Шундан сўнг, Халқ банки Андижон шаҳар бўлимидан имтиёзли кредит олиб, миллий қўғирчоқлар тайёрлашни йўлга қўйдим. Ҳозирда 5 нафар шогирдим билан иш олиб бораман. Маҳсулотларимиз “Жомеъ” меъморий мажмуаси ҳудудидаги дўконимизда сотиляпти, шунингдек, буюртма бўйича боғчаларга тайёрлаб, етказиб беряпмиз. Ҳозирда ишимни ривожлантириш, мижозларни кўпайтириш ҳаракатидаман. Энг асосийси, банк кўмагида ўз тадбиркорлигимни йўлга қўйиб олдим, даромад топиш имконига эга бўлдим.

Давра суҳбатида АТ Халқ банки мутахассислари томонидан иштирокчиларга бизнес-лойиҳалар тайёрлаш, кредит олиш тартиблари, кредитдан мақсадли фойдаланиш ҳамда тадбиркорликни самарали юритиш сингари қатор масалалар юзасидан маълумотлар, шунингдек, мазкур йўналишдаги ишларни самарали ташкил этиш, ижобий натижаларга эришиш юзасидан таклиф ва тавсиялар берилди. Тажрибали тадбиркор аёллар томонидан маҳорат дарслари ўтказилди.

Тадбир доирасида АТ Халқ банкининг молиявий кўмагида ўз тадбиркорлигини йўлга қўйган ҳунармандлар ҳамда муваффақиятли фаолият олиб бораётган тадбиркорлар томонидан тайёрланган маҳсулотлар кўргазмаси намойиш этилди.

Ф. УБАЙДУЛЛАЕВ, З. УМУРЗОҚОВ (сурат), ЎзА