Spanish
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Банк карталари орқали пенсия ва нафақа олувчиларга 1 фоиз миқдорида қўшимча тўлов тўлаб берилади
15:47 / 2022-04-09

Сўнгги йилларда мамлакатимизда аҳолига пенсия, нафақа, компенсациялар ва бошқа ижтимоий тўловларни тўлаш ва етказиб беришда фуқароларга қулай шарт-шароитларни яратиш, тўлов тизимининг замонавий усулларини кенг жорий этиш ҳамда мазкур соҳада илғор ахборот-коммуникация технологияларидан самарали фойдаланишга қаратилган бир қатор чора-тадбирлар амалга ошириб келинмоқда.

Жумладан, ушуб тизимдаги туб ўзгаришлардан бири 2021 йил 1 июндан бошлаб, пенсия тайинлашда шахснинг иш ҳаққи ва меҳнат стажи тўғрисидаги маълумотларнинг электрон базаси юритилмаган давр учун 2005 йилдан аввалги йиллардаги иш стажи, шахснинг меҳнат дафтарчасидаги мавжуд ёзувлар асосида тасдиқланиши, пенсия ва нафақаларни фуқароларнинг хоҳишига қараб доимий яшаш ёки вақтинча турган жойи бўйича тўлаб бериш тизими ўрнатилган эди.

Бу билан юртдошларимизнинг йиллар давомида ўз соҳасида сидқидилдан меҳнат қилиб, кимларнингдир эътиборсизлиги сабаб, иш даври учун қайт этилмай қолган ҳужжатларни идорама-идора сарсон бўлиб тўплаб юришининг олди олинишига хизмат қилган бўлса, ишловчи фуқароларга ишламайдиган турмуш ўртоқлари келгусида пенсия таъминотига эга бўлишлари учун ўз даромадидан ижтимоий солиқ тўлаш ҳуқуқи берилганлиги, кўплаб оилаларда турмуш ўртоғи маълум бир сабабларга кўра меҳнат қилиш имконияти бўлмаслигига қарамасдан келажакда ижтимоий таъминотга эга бўлиш имкониятини яратиб берган эди. Шунингдек, уч йил ва ундан аввал тайинланган, қайта ҳисобланган пенсия ва нафақаларни текширишда аниқланган ортиқча тўловларни ундириш бекор қилинганди.

Яқинда қабул қилинган «Давлат пенсиялари, нафақалар, компенсациялар ва бошқа ижтимоий тўловларни тўлаш тизимини янада такомиллаштиришга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси Президенти қарори билан 2022 йил 1 майдан бошлаб пенсия ва нафақа олувчи фуқаролар ҳамда «Темир дафтар», «Ёшлар дафтари» ва «Аёллар дафтари»га киритилганларга ажратилган моддий ёрдам ва нафақаларни ўз вақтида етказиб берилишига қаратилган яна бир қатор қулайликлар яратиб берилмоқда.

Эндиликда, жамғармалар маблағлари ҳисобидан кўрсатиладиган моддий ёрдамлар, меҳнат органлари томонидан тўланадиган ишсизлик нафақаси ва стипендиялар ҳамда жазони ўтаб озодликка чиққан фуқароларга тўланадиган моддий ёрдам пуллари ҳар ойнинг 5-санасига қадар молиялаштирилади ҳамда пенсия ва нафақалар билан бир вақтда АТ «Халқ банки»нинг сайёр кассалари томонидан маҳаллалар кесимида етказиб берилади.

Шу билан бирга, АТ «Халқ банки»нинг сайёр кассалари орқали етказиб берилган ушбу тўловлар фуқароларнинг хоҳишига кўра, 1 фоиз миқдорда банкка хизмат ҳақи ушлаб қолинган тартибда маҳалланинг ўзида нақдлаштириб берилади. Шу ўринда аниқлик киритиб ўтиш жоизки, ушбу банк хизматлари учун ушлаб қолинган 1 фоизлик тўлов банк карталари орқали нафақа олувчиларга ҳар ойлик пенсия ва нафақа пулининг 1 фоизи миқдорида қўшимча тўлов сифатида тўлаб берилади. Бунда бугунги ахборот технологиялари имкониятларида фойдаланган ҳолда, фуқароларнинг розилиги билан пенсия ва нафақа пулларини банк карталарига ўтказиш учун фойдаланиладиган ҳужжатларни қоғоз шаклида юритишдан воз кечилади.

Шунингдек, 2022 йил 1 сентябрга қадар ҳарбийлаштирилган тизим пенсияларини ҳисоблаш ва уларнинг тўлов ҳисоб-китоблари тизимини тегишли вазирлик ва идоралар томонидан автоматлаштириш орқали хизмат кўрсатувчи тижорат банкларида пенсия варақаларини юритиш амалиёти бекор қилинади.

Шу билан биргаликда, аҳолини банкоматлар билан қамраб олиш даражасини ошириш мақсадида 2022 йилнинг 1 октябрига қадар хориждан 1 800 та банкомат олиб келган ҳолда, уларнинг ҳудудлар, шу жумладан, олис туманларда ўрнатиш ишлари амалга оширилади. 2022 йил якунига қадар эса пенсия ва нафақа олувчиларга янада қулайликлар яратиш мақсадида уларнинг маблағларини масофадан бошқариш имконини берувчи банкнинг янги мобил иловаси ишлаб чиқилади.

Хулоса қилиб айтганда, аҳолига пенсия, нафақа, компенсациялар ва бошқа ижтимоий тўловларни етказиб беришдаги бундай ўзгаришлар, фуқароларнинг давлатга бўлган ишончини, шунингдек, бугунги ислоҳотларга нисбатан хайрихоҳликларини ошишига хизмат қилиши шубҳасиз.

Мавлуда Адҳамжонова,

Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати