Қазақ
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Банк кўмагида янги инвестицион лойиҳалар
18:24 / 2017-04-03

Пойтахтимизда инвестицион лойиҳаларни молиялаштиришда «Асака» акциядорлик тижорат банкининг ўрнига бағишланган матбуот анжумани ўтказилди.

Пойтахтимизда инвестицион лойиҳаларни молиялаштиришда «Асака» акциядорлик тижорат банкининг ўрнига бағишланган матбуот анжумани ўтказилди.

«Асака» банки бугунги кунда 1,9 миллион нафардан зиёд мижозга хизмат кўрсатмоқда. Улар орасида иқтисодиётнинг турли тармоқ ва соҳаларида фаолият юритаётган корхона, ташкилот, бирлашмалар, кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик субъектлари ҳамда жисмоний шахслар бор.

Матбуот анжуманида банк мамлакатимиз иқтисодиётининг муҳим тармоқларини ривожлантиришга қаратилган инвестиция лойиҳаларини молиялаштиришга ўз ҳиссасини қўшаётгани қайд этилди. Автомобилсозлик, кон-металлургия, нефть-газ, кимё, энергетика, озиқ-овқат, фармацевтика саноати, транспорт, қурилиш ва бошқа тармоқларнинг инвестиция лойиҳалари фаол молиялаштирилмоқда.

Банкнинг инвестиция лойиҳаларни молиялаштириш даражаси йилдан-йилга ошиб бормоқда. Хусусан, 2012 йилда 40 миллиард сўм ажратилиб, олти мингга яқин иш ўрни яратилган бўлса, ўтган йилда 1 триллион 380 миллиард сўм миқдорида кредит йўналтирилиб, 14,5 мингдан зиёд иш ўрни очилди.

– Энг асосийси, инвестициялар юқори технологияларни талаб этадиган замонавий ишлаб чиқариш тармоқларини ташкил этиш, ахборот-коммуникация тизими, биотехнология ва бошқа илғор илм-фан ютуқларига асосланган лойиҳаларни молиявий қўллаб-қувватлашга йўналтирилмоқда, – дейди банкнинг лойиҳаларни молиялаштириш департаменти бўлим бошлиғи Шерзод Солиев. – Жумладан, «Навоийазот» акциядорлик жамиятида аммиак ва карбамид ишлаб чиқариш комплексини ҳамда ПВХ, каустик сода ва метанол ишлаб чиқариш базасини ташкил этиш учун, «ЎзАвто Аустем» қўшма корхонасига автомобилларга эҳтиёт қисмлар ишлаб чиқаришни кенгайтириш учун, «Барака омухта ем» жамиятига омухта ем ишлаб чиқаришга мўлжалланган ускуналар олиш бўйича ва бошқа бир қатор инвестиция лойиҳалари молиялаштирилди.

Жорий йилда «Асака» банки инвестиция лойиҳаларини молиялаштиришга 1,66 триллион сўм миқдорида кредит ажратиши режалаштирилган. Январь-февраль ойларида турли соҳаларга тўрт юз миллиард сўм йўналтирилди.

Таъкидлаш жоизки, банк инвестиция лойиҳаларини ўз маблағлари ва жалб этилган кредит линиялари ҳисобидан молиялаштирмоқда. Хусусан, Халқаро тикланиш ва тараққиёт банки маблағлари ҳисобидан мева-сабзавотчиликни ривожлантириш йўналишидаги 11 та инвестиция лойиҳасига қарийб олти миллион доллар йўналтирилди. Хитой экспорт-импорт банки кредит линияси маблағлари ҳисобидан 3,1 миллион доллар миқдоридаги лойиҳалар молиялаштирилди.