Oʻzbek
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Бангладешдаги тартибсизлик 19 кишининг ҳаётига зомин бўлди
13:16 / 2024-07-19

Бангладешда юз берган тўқнашувларда 19 киши ҳалок бўлди, 2 ярим мингдан зиёд одам жароҳат олди.

Маҳаллий “Daily Star” нашри ёзишича, қурбонлар сони ошиши мумкин, чунки яраланганларнинг кўпчилиги оғир аҳволда. Қурбонлар орасида журналистлар ҳам бор. Масалан, “Dhaka Times” янгиликлар интернет-портали репортёри, 28 ёшли Меҳди Ҳасан воқеани ёритиш жараёнида ҳалок бўлган.

AFP агентлиги тартибсизликдан сўнг ҳаётдан кўз юмганлар сони 32 кишига етганини келтирган.

Бангладешда давлат лавозимларига имтиёзли ўрин бериш тизимига қарши чиқиш бир неча ҳафтадан буён давом этмоқда. Душанба куни Дакка университети талабалари шаҳарчасида ҳукуматпараст фаол талабалар ҳамда полициячилар билан намойишчилар ўртасида юз берган тўқнашувдан кейин норозилик ҳаракати зўравонликка айланиб кетди. Сешанба куни кўча тўполонида олти киши ўлдирилгандан кейин, ҳукумат мамлакатдаги барча университетларни ёпишга қарор қилди. Полициячилар эса асосий мухолифат партия қароргоҳига бостириб кирди.

Намойишчилар давлат лавозимларининг 30 фоизини 1971 йил Бангладеш мустақиллиги учун курашган уруш фахрийлари оила аъзолари учун захирага олишни кўзда тутувчи тартибга барҳам беришни талаб қилмоқда. Таъкидланишича, мазкур бошқаларни камситиш тизими фақат Бош вазир Шайх Ҳасина тарафдорларига фойда келтиради.

Бангладеш ҳукумати 2018 йил талабалар норозилигидан кейин квота тизимини тўхтатган, бироқ ўтган ой 1971 йилги уруш фахрийларининг қариндошлари норозилик билдиргач, Олий суд ўша тартибни тиклади. Натижада намойиш тўлқини яна кучайиб кетди.