Якшанба куни Бангладеш шимолини вайрон қилган шиддатли ёмғир ва тошқин оқибатида камида беш киши ҳалок бўлган, 100 мингдан ортиқ одам кўчишга мажбур бўлган. Бу ҳақда “Arab News” ёзди.
Энг кўп жабр кўрган шимолий туманлардан бири – Шерпурда йирик дарёлар сатҳи кескин кўтарилиб, ҳудудларни сув босди, минглаб оилалар уйини ташлаб чиқди. Маҳаллий ҳукумат қишлоқ хўжалигига мислсиз зиён етганидан хавотирда, чунки экинлар, қишлоқ хўжалиги, айниқса шоли майдонлари вайрон бўлиш хавфи остида. Жуда кўп уйлар, йўллар бир неча метр сув остида қолиб, қишлоқлар ювилиб кетди. Аҳоли қутқарилишга жуда муҳтож.
– Умримда ҳеч қачон бундай тошқинни кўрмаганман, – дейди фуқаро Абу Тоҳир.
Ҳарбийлар қайиқ ва вертолёт ёрдамида ишга киришган. Август ойида Бангладеш шарқида 70 дан ортиқ одамнинг ҳаётига зомин бўлган тошқин зарари, етакчи таҳлилий марказлардан бири – Сиёсат билан мулоқот маркази тадқиқотига кўра, 1,20 миллиард долларга баҳоланган. Бирлашган Миллатлар Ташкилоти ва ҳамкор тузилмалар Бангладешда давом этаётган тошқин ва циклондан жабр кўрган жамоаларга зудлик билан ёрдам кўрсатиш учун 134 миллион доллар миқдорида гуманитар ёрдам кўрсатишга киришди.