Иқлим ўзгариши салбий оқибатидан энг кўп зарар кўраётган мамлакатлардан бири – Бангладеш ичимлик суви танқислигига дуч келмоқда, деб ёзди “Dhaka Tribune” нашри.
– Глобал ҳарорат ҳам, денгиз сатҳи ҳам кўтарилмоқда, – дейди ушбу мамлакат қишлоқ хўжалиги ва кооперативни ривожлантириш вазири Тазул Ислом. – Биология хилма-хиллиги ва қишлоқ хўжалиги учун мўлжалланган ер шўрланиши кучаймоқда, мамлакатдаги чучук сув манбалари қисқармоқда. Келгусида ичимлик суви таъминотини бир зайл қўллаб-қувватлаш биз учун муҳим вазифага айланди.
Мулозим ичимлик суви билан боғлиқ инқироз ҳақида гапираркан, мамлакатда истеъмол миқдори мунтазам ортиб, ер ости суви сатҳи тобора пастлаётганини эслатди. Муаммони ҳал қилиш учун ҳукумат ёмғир сувини тўплаш, оби ҳаётдан самарали фойдаланиш чорасини кўра бошлади. Таъкидланишича, саноат объектлари ва оқова тармоғидан чиққан сувни тозалаш керак, чунки бундай сув нафақат атроф-муҳитни, балки чучук сувни ҳам булғамоқда.
Сўнгги юз йилликда сувга эҳтиёж бутун дунё бўйлаб кескин ошди. Мутахассислар келгусида сув танқислиги янада кучайишини тахмин қилмоқда. Сувга талаб ошиши, ифлосланиш, захира чеклангани, инфратузилма талабга жавоб бермаслиги, зарур маълумотга эга эмаслик ва бошқарувдаги камчилик дунёнинг кўплаб минтақаларида ичимлик суви билан боғлиқ глобал танқисликни юзага чиқармоқда. “UN Water” ташкилоти маълумотига кўра, Бангладеш аҳолисининг фақат 59 фоизи хавфсиз сув билан таъминланган.