Бангладешда 140 миллион аҳоли электр таъминотисиз қолди
Жами аҳолиси 168 миллион киши бўлган Бангладешда электр тармоғидаги узилиш туфайли 140 миллион киши чироқсиз қолди, деб хабар тарқатди Times Now нашри.
Хабарда таъкидланишича, миллий электр узатиш тармоғида бузилиш рўй берган. Бангладеш энергетикасини ривожлантириш бўйича кенгаш ҳамда Бангладеш электр тармоқлари компанияларининг таъкидлашича, энергия тизими дастлаб мамлакатнинг шарқий қисмида узилган, шундан кейин бирин-кетин бошқа ҳудудларда ҳам узилишлар бошланган.
Хабарда таъкидланишича, муаммо ҳали ҳам бартараф қилингани йўқ, ҳукумат тармоқларни навбат билан ишга туширмоқда. Ҳалокат сабаблари ўрганилмоқда.
Электр тармоқларидаги муаммолар туфайли мамлакатдаги мобиль алоқа тизимларида ҳам узилишлар кузатилиши мумкин, дейилади хабарда.
Электр таъминотидаги узилишлар, айниқса, пойтахт Даккада автомобилларга ёқилғи қуйиш шохобчаларида тартибсизликлар келтириб чиқаргани айтилмоқда.