Қазақ
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Бангладеш тарихида бурилиш: “Z” авлод сиёсат майдонига чиқди
18:19 / 2026-02-09

Бангладеш жорий ҳафта ичида ўтказиладиган сайлов билан янги сиёсий даврга қадам қўймоқда, деб ёзиб чиқди “Reuters” нашри. Таъкидланишича, мамлакат тарихида илк бор “Z авлоди”, яъни 30 ёшгача бўлган ёшлар сиёсий жараённинг марказига чиқди. Таҳлилчилар бу овоз беришни 2009 йилдан бери ўтказилаётган биринчи ҳақиқий ва рақобатли сайлов сифатида баҳоламоқда.

Ўлкани 15 йил давомида бошқарган собиқ бош вазир Шайх Ҳасина ҳокимиятдан кетганидан сўнг, унинг Авами лигаси фаолияти тақиқланган. 2024 йилги оммавий норозиликлар айнан ёшлар етакчилигида бўлиб, сиёсий кучлар нисбатини бутунлай ўзгартирди. Бу галги сайловда мухолифатдаги Бангладеш Миллий партияси (BNP) асосий “фаворит” сифатида кўрилмоқда.

“BNP” билан бир қаторда, “Жамоат-э-Исломий” бошчилигидаги исломий коалиция ҳам жиддий рақобатга киришган. Қизиқ томони шундаки, Ҳасинага қарши намойишларда фаол бўлган, аммо мустақил сайлов базасини шакллантира олмаган “Gen Z” ҳаракати айнан “Жамоат-э-Исломий”билан иттифоқ тузди. Бу ёшлар овозининг қанчалик ҳал қилувчи кучга айланганини кўрсатмоқда.

Сайлов натижаси нафақат ички барқарорлик, балки Хитой ва Ҳиндистоннинг Бангладешдаги мавқеига ҳам бевосита таъсир қилади. Ҳасина Деҳлига яқин деб қаралган бўлса, ҳозир Пекиннинг мавқеи кучайиб бормоқда. Айрим таҳлилларга кўра, “Жамоат-э-Исломий” етакчилигидаги ҳукумат Покистонга яқинлашиши мумкин.

175 миллион аҳолига эга Бангладеш бугун инфляция, коррупция ва иқтисодий турғунлик босимида. Сайловчилар учун энг муҳим масала – ҳалоллик ва иқтисодий барқарорлик. 21 ёшли илк бор овоз бермоқчи бўлаётган Муҳаммад Рақиб буни шундай ифодалайди:

– Одамлар чарчаган эди. Овозимиз йўқ эди. Энди ким ҳокимиятга келса ҳам, эркин фикр ва адолатли сайловни таъминлашига умид қиламан, -дейди у.

Экспертлар фикрича, бу сайлов Бангладешда нафақат ҳукуматни, балки бутун сиёсий маданиятни ўзгартириши мумкин бўлган тарихий синов сифатида кўрилмоқда.

Мусулмон Зиё, ЎзА