Ўзбек
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Бандликни таъминлаш юзасидан учрашув ташкил этилди
10:42 / 2025-11-07

Ажиниёз номидаги Нукус давлат педагогика институтида битирувчи курс талабаларининг бандлигини таъминлаш, уларни ўз мутахассислиги бўйича ишга жойлаштириш, мавжуд муаммоларни таҳлил қилиш ва келгуси вазифаларни белгилаб олиш масалаларига бағишланган учрашув бўлиб ўтди.

Унда Қорақалпоғистон Республикаси Мактабгача ва мактаб таълими вазирлиги, Камбағалликни қисқартириш ва бандлик вазирлиги, Олий таълим, фан ва инновациялар вазирлиги, шунингдек, Тадбиркорлар ва ишбилармонлар ҳаракати – Ўзбекистон Либерал-демократик партияси Қорақалпоғистон Республикаси Кенгашининг вакиллари, битирувчи талаба-ёшлар иштирок этишди.

Тадбирда институтнинг ўқув ишлари бўйича проректори Мухтар Ибрагимов бугунги кунда ёшларни иш билан таъминлаш, уларнинг меҳнат бозоридаги рақобатбардошлигини ошириш бевосита давлатимиз раҳбарининг назоратидаги муҳим масалалардан бири эканлигини таъкидлаб, бу борада қабул қилинаётган фармон ва қарорлар ҳақида маълумот берди.

Алоҳида таъкидлаш жоизки, бу борада Нукус давлат педагогика институтида самарали ишлар амалга оширилмоқда. Хусусан, ўтган 2024-2025 ўқув йилида институтни жами 4 минг 369 нафар талаба тамомлаган бўлса, ҳозирги кунга қадар шундан қарийб 93 фоиз битирувчи ўз мутахассислиги бўйича ишга жойлаштирилди.

Битирувчиларнинг асосий қисми мактабгача ва умумтаълим муассасаларида, шунингдек, олий таълим ва бошқа ижтимоий соҳаларда хизмат қилмоқда. Бошқа битирувчиларнинг бандлигини таъминлаш мақсадида тегишли ташкилотлар билан ҳамкорликда манзилли ишлар олиб борилмоқда. Шунингдек, институтда тадбиркорлик ташаббусларини қўллаб-қувватлаш ва рўёбга чиқариш мақсадида “Карера” ҳамда “Келажакка қадам” марказлари ташкил этилган.  

“Келажакка қадам” маркази билан ҳамкорликда ўтган ўқув йилида битирувчи талабаларнинг бизнес ғояларини амалга ошириш натижасида жами 59 нафар талабага 1 миллиард 633 миллион сўмлик имтиёзли кредит маблағи ажратилиб, тадбиркорлик фаолиятини бошлашга замин яратилди.

Учрашувда сўзга чиққанлар шундай имкониятлардан самарали фойдаланиш орқали муваффақиятга эришиш бўйича ўз  таклифларини билдиришди, битирувчи ёшлар эса ўзларини қизиқтирган саволларга мутахассислардан тегишли жавоблар олишди.

Довуд Абибуллаев, ЎзА