Chinese
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Бандликка қаратилган амалий қадамлар
18:44 / 2026-01-08

Жиззах вилоятининг Дўстлик туманида аҳоли бандлигини таъминлаш масаласи ижтимоий сиёсатнинг устувор йўналишларидан бири сифатида изчил амалга оширилмоқда. Бу борада кўрилаётган чора-тадбирлар нафақат ишсизликни қисқартириш, балки фуқароларнинг меҳнат бозорида ўз ўрнини топишига хизмат қилаётир.

Хусусан, туман ҳокимлиги ташаббуси билан маҳаллий иш берувчиларни ва иш қидираётган фуқароларни бирлаштирган навбатдаги бўш иш ўринлари меҳнат ярмаркаси ташкил этилди. У “Biryuza Group” масъулияти чекланган жамияти ҳудудида ўтказилиб, туманда фаолият юритаётган корхона ва ташкилотларнинг бўш иш ўринлари кенг жамоатчиликка таклиф этилди.

Ярмаркада иштирок этган иш берувчилар турли йўналишлардаги вакансиялар ҳақида батафсил маълумот бериб, фуқаролар билан бевосита мулоқот қилишди. Айниқса, тикув-трикотаж маҳсулотлари ишлаб чиқаришга ихтисослашган “Biryuza Group” МЧЖ томонидан 200 та бўш иш ўрни таклиф этилгани меҳнат бозоридаги талаб ва имкониятларнинг уйғунлашувини яққол кўрсатди.

Эътиборли жиҳати шундаки, меҳнат ярмаркасида ўша куниёқ ўттиздан ортиқ фуқаро доимий иш жойига эга бўлди. Бу натижа аҳоли бандлигини таъминлашга қаратилган ташаббуслар ҳаётий ва самарали эканини, қабул қилинаётган қарорлар эса инсон манфаатларига хизмат қилаётганини тасдиқлайди.

Айни дамда Дўстлик туманида бундай меҳнат ярмаркаларини тизимли ташкил этиш, иш берувчилар билан ҳамкорликни янада кенгайтириш орқали аҳолини иш билан таъминлаш бўйича ишлар изчил давом эттирилмоқда. Бу эса туман ижтимоий-иқтисодий тараққиётига хизмат қиладиган муҳим омиллардан бири бўлиб қолмоқда.

А.Қаюмов, Ж.Ёрбеков (сурат), ЎзА мухбири