Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси ҳузуридаги Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлигида Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги ахборот хизмати раҳбари Мавжудахон Мирзаева иштирокида брифинг бўлиб ўтди. Унда вазирликнинг молиявий назорат бўлими томонидан 2021 йилнинг ўтган давридаги фаолияти таҳлили ҳақида маълумот берилди.
Унга кўра вазирлик ҳузуридаги Бандликка кўмаклашиш давлат жамғармаси ҳисобидан жорий йилнинг ўтган 10 ойи давомида субсидиялар учун 95 миллиард 501 миллион сўм, ишсизлик нафақаларини тўлаш учун 35 миллиард 661 миллион сўм, стипендия харажатлари учун 59 миллиард 900 миллион сўм ва Жамоат ишлари жамғармаси ҳисобидан 192 миллиард 67 миллион сўм маблағлар молиялаштирилди.
Утказилган ўрганишлар натижасида жами 983 та ҳолатларда 1 миллиард 904 миллион сўмлик хато ва камчиликлар аниқланган. Жумладан, Самарқанд вилоятида 357 та, Қашқадарё вилоятида 146 та, Сирдарё вилоятида 124 та, Жиззах вилоятида 82 та, Фарғона вилоятида 62 та, Навоий вилоятида 55 та, Андижон вилоятида 54 та, Қорақалпоғистон Республикасида 31 та, Хоразм вилоятида 25 та, Наманган вилоятида 19 та, Бухоро вилоятида 16 та, Сурхондарё вилоятида 8 та ҳамда Тошкент шаҳрида 4 та ҳолатларда максадсиз сарф харажат аниқланди. Хусусан, жамоат ишлари бўйича 456 та, ишсизлик нафақаси бўйича 371 та, касбга ўқитишда 89 та ҳамда субсидия маблағлари йуналишида 67 та ҳолатда қонун бузилишларига дуч келинган. Ўрганишлар натижасида нотўғри ва ортиқча тўланган маблағларнинг 406 миллион 686 минг сўми вазирлик жамғармаларига айбдор шахслардан қайтарилгани таъкидланди.
Шунингдек, келгусида шу каби ноқонуний ҳаракатлар такрорланмаслигини олдини олиш учун қатъий чора-тадбирлар белгиланмоқда. Шунингдек, тизимда фаолият юритаётган қўпол хато ва камчиликларга йўл қўйган ходимларга нисбатан кескин чоралар кўрилди. Гулистон шаҳар ва Чироқчи туман бандликка кўмаклашиш марказлари раҳбарлари эгаллаб турган лавозимидан озод этилди ҳамда Қашқадарё ва Сирдарё вилоят Бандлик бош бошқармаларидаги жамоат ишлари бўйича бош мутахассисларига вазифаларни ўз вақтида ва сифатли бажармаганликлари учун интизомий жазо чоралари қўлланилди.
Қашқадарё ва Сирдарё вилоятларининг туман ва шаҳар аҳоли бандлигига кўмаклашиш марказларида ўтказилган ўрганиш натижалари бўйича аниқланган қўпол камчиликлар юзасидан қонуний баҳо бериш учун Бош прокуратуранинг Иқтисодий жиноятларга қарши курашиш департаментига маълумотлар юборилган. Шунингдек, Қашқадарё вилояти аҳоли бандлигига кўмаклашиш марказларида жамоат ишлари ва бандликка кўмаклашиш давлат жамғармасидан ажратилган маблағларни мақсадли ишлатилиши танлов асосида ўрганилганда, жами 138 та ҳолатда иш жойи билан банд бўлган фуқароларга нотўғри тўлаб юборилганлиги аниқланган.
Шу каби ноқонуний ҳаракатларни бартараф қилиш, аниқлаш ва олдини олиш мақсадида вазирлик тасарруфидаги “Ягона миллий меҳнат тизими” идоралараро дастурий-аппарат комплексида, солиқ тўловчи жисмоний шахс, жамғариб бориладиган пенсия ҳисоб варағига тўланган бадаллар, иш берувчиларнинг штат жадвали, вакант иш ўринлари маълумотлари акс эттирилмокда. Ҳозирда қонунбузилиш ҳолатлари камайтирилишига эришилиб, “Ягона миллий меҳнат тизими” идоралараро дастурий-аппарат комплекси вазирликнинг “Бандлик хизмати” (abkm.mehnat.uz) дастурига интеграция қилинган. Базага киритилган банд бўлган фуқаролар автоматик тарзда қабул қилинмайди.
Вазирликнинг молиявий назорат бўлими томонидан маблағларнинг мақсадли ва самарали ишлатилиши устидан камерал тартибда ҳамда жойига чиққан ҳолда назорат қилинаётганлиги алоҳида таъкидланди.
Файзулло Яҳёев, ЎзА