Фуқаролик ишлари бўйича Сурхондарё вилояти Бойсун туманлараро судининг 2016 йил 24 августдаги буйруғига асосан Бандихон туманида яшовчи Ш.Ҳасановдан икки нафар вояга етмаган фарзандининг моддий таъминоти учун алимент ундириш белгиланган.
Афсуски, бегуноҳ фарзандлари олдидаги бурчини унутиб, алимент тўлашдан бўйин товлаган ота қочиб юргани учун қидирув эълон қилинган эди. Тезкор тадбирлар чоғида ота топилиб, ижро ҳаракатларини давом эттириш учун давлат ижрочисига топширилди. Унга ўтган йилларда тўланмаган алимент қарздорлиги ҳисоблаб берилди.
Бу маблағни тўлаш оталиқ бурчи экани, акс ҳолда, тўпланган ҳужжатлар судга тақдим этилиши атрофлича тушунтирилди. Бундан тўғри хулоса чиқарган алиментчи ота бераётган пуллари бегонага эмас, балки ўз жигари камолоти учун хизмат қилажагини тушуниб етди. Шундан сўнг, юзага келган қарздорлик яъни, 43 миллион 117 минг сўм пулни оғринмай тўлади.
Бюронинг давлат ижрочиси расмийлаштирилган маъмурий баённомани бекор қилиб, алимент тўловчи отага амалдаги қонуннинг ҳуқуқий оқибатларини тушунтирди. Ш.Ҳасанов эса вояга етмаган фарзандлари олдидаги бурчини виждонан бажаришга ва суд қарори ижросини ўз вақтида таъминлашга қуюқ ваъда берди.
Илҳом МАМАТҚУЛОВ,
Мажбурий ижро бюроси
Сурхондарё вилояти, Бандихон тумани
бўлими бошлиғи