Футбол бўйича Ўзбекистон миллий терма жамоасига бағишланади
Баракалла, яшил майдонга тушиб,
Учқур отдай жавлон урганга балли!
Бўридай ташланиб, бургутдай учиб,
Арслондай қад кериб турганга балли!
Футбол бу – аёвсиз жангдир ҳар они,
Гоҳ оёқ, гоҳ лозим юрак дармони…
Бир зумда ариди элнинг армони,
Бахтидан эл бахти кулганга балли!
Ким майдонда йиғлар, кимдир панада,
Ким бахтли, ким бахтсиз бўлгай янада,
Кутиб ол, Мексика, АҚШ, Канада –
Йўлни уммон оша бурганга балли!
Тарихда қолишни хоҳлаган ўғлон,
Ўзин улуғ ишга чоғлаган ўғлон,
Соҳибқирон исмин оқлаган ўғлон –
Ғалаба завқини сурганга балли!
Рақиблар, биз тараф қараб қўйинглар,
Ўзбекнинг зарбасин дарсга йўйинглар,
Беҳуда сиз билган ғирром ўйинлар,
Адолат кучини кўрганга балли!
Гоҳ кулиб, гоҳ дили куйган ишқибоз,
Гоҳ ғурур, гоҳ алам туйган ишқибоз,
Юртни телба-далли суйган ишқибоз –
Ватан деб элма-эл юрганга балли!
Даврим дурдонаси буларнинг бари,
Етаклар ҳар лаҳза шоҳсупа сари,
Ғамхўр мураббийдир Миллат Сарвари –
Янги юрт, мамлакат қурганга балли!
Бу оддий зафармас – буюк эл ютди,
Мардона шижоат, танти феъл ютди,
Она Ўзбекистон, ғолиблар юрти –
Энг улуғ, энг кўркам қўрғонга балли!
Нодир ЖОНУЗОҚ