Ширин шаҳридаги Амир Темур маҳалласида шаҳар оила ва хотин-қизлар бўлими ҳамда маҳалла хотин-қизлар фаолининг ташаббуси билан Ўзбекистон халқ шоири, адабиётимизнинг ёрқин сиймоларидан бири Зулфияхоним Исроилова таваллудининг 111 йиллиги ҳамда 8-март — Халқаро хотин-қизлар куни муносабати билан “Балли қизлар” номли кўрик-танлов юқори савияда ташкил этилди. Мазкур тадбир маҳаллада хотин-қизларнинг ижтимоий фаоллигини ошириш, уларнинг истеъдоди ва салоҳиятини қўллаб-қувватлашга қаратилгани билан аҳамиятли бўлди.
Танловнинг асосий мақсади хотин-қизларнинг интеллектуал салоҳияти, ижодкорлиги ва саҳна маданиятини ривожлантириш, шунингдек, жамиятда аёлларга бўлган ҳурмат ва эҳтиромни янада мустаҳкамлашдан иборат эди. Шу билан бирга, тадбир орқали миллий қадриятлар ва анъаналарни тарғиб этиш, ёш авлод қалбида ватанпарварлик ва миллий ғурур туйғуларини шакллантиришга алоҳида эътибор қаратилди.

– Кўрик-танлов бир неча шартлар асосида ташкил этилди, – дейди маҳалла хотин-қизлар фаоли Гузода Ўринбоева. – “Таништирув” босқичида иштирокчилар ўзлари, қизиқишлари ва орзу-интилишлари ҳақида маълумот бердилар“Ижодий чиқиш” шартида шеър, қўшиқ, рақс ва саҳна кўринишлари орқали иштирокчиларнинг санъатга бўлган меҳри ва маҳорати намоён бўлди. “Савол-жавоб” босқичида эса уларнинг билим даражаси, тезкор фикрлаши ва ижтимоий фаоллиги синовдан ўтказилди. Миллий либослар намойиши эса юртимизга хос урф-одат ва анъаналарга бўлган ҳурматнинг ёрқин ифодасига айланди.

Эътиборли жиҳати, танловда маҳалла қизлари нафақат фаол иштирок этдилар, балки ҳар бир шартда ўзларининг тайёргарлиги, ташаббускорлиги ва ижодий ёндашуви билан ажралиб турдилар. Тадбир якунида барча иштирокчилар ташкилотчилар томонидан диплом ва эсдалик совғалари билан тақдирланди.

Ғулом Примов, ЎзА мухбири