Spanish
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Балиқчиликка оид амалий семинар
16:28 / 2026-01-07

Жиззах вилоятининг Ғаллаорол туманидаги сув хўжалиги объектларида балиқчилик фаолиятини тўғри ташкил этиш масалаларига бағишланган семинар бўлиб ўтди.

Тадбир “Оқтом” маҳалла фуқаролар йиғини ҳудудида жойлашган “Sangzor ocherdis” масъулияти чекланган жамиятида “Сувхўжаликназорат” инспекциясининг Жиззах вилояти бошқармаси томонидан ташкил этилди.

Семинарда балиқчилик хўжаликлари ходимлари иштирок этишди. Унинг асосий мақсади балиқ етиштириш жараёнида сув хўжалиги объектларига салбий таъсирларнинг олдини олиш, сунъий сув ҳавзалари ҳамда суғориш тармоқларида балиқчилик фаолиятини амалдаги талаблар асосида йўлга қўйиш, шунингдек сувдан фойдаланиш бўйича қонунчилик ҳужжатларига риоя этилишини таъминлашдан иборат эди.

Семинарда таъкидланишича, жорий йилнинг январь ойи сув хўжалиги тизимида “Балиқчилик хўжаликлари фаолиятини тартибга солишга кўмаклашиш ойлиги” деб эълон қилинган бўлиб, мазкур семинар шу доирада ўтказилди.

Ушбу семинар давомида мутахассислар томонидан балиқ етиштириш ишлари суғориш тармоқларида жойлашган гидротехника иншоотларидан камида 100 метр масофада амалга оширилиши лозимлиги, сув олиш жойларини сувни бошқариш ва ўлчаш воситалари билан жиҳозлаш муҳимлиги тушунтирилди. Шунингдек, сувдан фойдаланиш бўйича шартномаларни белгиланган тартибда ва ўз вақтида расмийлаштириш масалалари юзасидан ҳам батафсил маълумотлар берилди.

Семинар якунида иштирокчиларни қизиқтирган саволларга мутахассислар томонидан жавоблар қайтарилиб, балиқчилик фаолиятини қонунчилик талабларига мувофиқ ташкил этиш бўйича амалий тавсиялар берилди.

Абдужалол Қаюмов, ЎзА мухбири