French
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Балиқчилик Ёзёвоннинг драйверига айланмоқда
16:42 / 2023-03-17

ФОТОРЕПОРТАЖ

Фарғона вилоятининг Ёзёвон тумани қишлоқ хўжалигига ихтисослашган туман бўлиб, пахта-ғалла етиштиришда ўз мактабини яратган уста фермерлар юрти. Шу билан бирга, кейинги йилларда бу ерда балиқчилик ҳам ривожланиб, Ёзёвоннинг драйверига айланяпти.

Туман ҳокими Дилшод Жалилов ва соҳага дахлдор масъуллар иштирокида ўтказилган пресс-турда республикада ҳамда вилоят журналист ва блогерлари ҳудудда балиқчиликни ривожлантириш йўлида амалга оширилаётган ишлар билан танишди.  

– Тумандаги 84 та балиқчилик фермер хўжалигида жами 1980 гектар сунъий балиқ ҳавзалари мавжуд, - деди туман ҳокими Д. Жалилов. – Фермер хўжаликлари томонидан 2023 йил учун жами 66 та лойиҳа режалаштирилган бўлиб, 57,5 миллиард сўм маблағ сарфланиши кўзда тутилган. Ушбу лойиҳаларнинг асосий мақсади балиқ кўлларини эски турдаги усулидан замонавий – интенсив балиқ етиштиришни йўлга қўйишдир.

Таъкидланганидек, тажриба тариқасида ҳар бир хўжаликда имкониятига қараб, 1-5 гектар кўлда интенсив усулда балиқ боқиш йўлга қўйилади. Гектарига 4 дона аэратор ва 2 та озуқа сепиш ускунаси ўрнатиш ҳисобига балиқ етиштириш камида 2 баробарга оширилади. Ушбу лойиҳаларни амалга ошириш ҳисобига гектаридан 8-10 тонна балиқ етиштирилади. Қолаверса, тумандаги ишсиз юрган 202 нафар фуқаро иш билан таъминланади.

[gallery-11022]

– Ҳозирда лойиҳаларни амалга ошириш бўйича фермер хўжаликларига 680 дона аэратор ва 340 та озуқа сепиш ускунаси сотиб олиш бўйича шартномалар тузилган, - дейди балиқчилик соҳасида узоқ йиллик тажрибага эга “Ibragimov Doston Fayz” балиқчилик фермер хўжалиги раҳбари Эркин Иброҳимов. – Ҳозиргача 190 та аэратор, 108 та озуқа сепиш ускунаси, 31 та қуёш панеллари ўрнатилди. Балиқ боқиш мавсуми бошлангунича, кўллар тўлиқ яшил энергия қуёш панелларига ўтказилиб, ҳар бир балиқчилик хўжалигига камида 1 гектардан ҳавзага аэратор ва озуқа сепиш ускунаси ўрнатилиб, интенсив балиқ боқиш усулга ўтиш режалаштирилган.

Кейинги манзил ҳудудда туризмни ривожлантириш йўлида сайёҳлар учун ташкилланган жой бўлди.

1,5 миллиард сўм маблағ сарфланиб, эко сайёҳлар ўз қўллари билан балиқ овлаши учун интенсив усулда балиқ кўли ва дам олиш масканлари бунёд этиляпти. Бу ерга келган меҳмонлар балиқ тутиб, ҳордиқ чиқариши мумкин. Бундан ташқари туячилик, йилқичилик, паррандачилик бўйича экотуризм ташкил этилади.

Шунингдек, пресс-тур иштирокчилари Янгиобод MMTPда жойлашган “I.Ikrom ota” чорвачилик фермер хўжалигида бўлиб, хўжалик фаолияти билан яқиндан танишди.   

Муқимжон ҚОДИРОВ (сурат), ЎзА