Русский
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Балиқчилик хўжаликларига пресс тур уюштирилди
09:27 / 2021-06-18

“Ўзбекбалиқсаноат” уюшмаси томонидан журналист ва блогерлар учун Самарқанд вилоятидаги балиқчилик хўжаликларига пресс-тур ташкил этилди.

Бугунги кунда Самарқанд вилоятида 448 та балиқчилик хўжаликлари фаолият юритмоқда. Бу хўжаликларнинг 443 таси 1957 гектар сунъий сув ҳавзаларида ва 5 таси ижарачи корхона сифатида 7987 гектар табиий сув ҳавзаларида балиқ етиштирмоқда.

2020 йилда вилоятда 20 минг тонна балиқ тайёрланган. Шунингдек, йил давомида умумий қиймати 45,4 миллиард сўм бўлган 29 та янги балиқчилик лойиҳалари амалга оширилди.

Жорий йилда вилоятда балиқ етиштириш ҳажмини 30  минг  тоннага етказиш режалаштирилган.

Пресс-тур қатнашчилари Каттақўрғон тумани Кўкча қишлоғидаги "Каттақўрғон жайхуни" фермер хўжалиги фаолияти билан танишди.

2009 йилда ташкил этилган хўжалик 40 гектар сунъий, 1300 гектар табиий сув ҳавзасида балиқ етиштирмоқда. Асосан, сазан, оқ амур, оқ ва қора дўнгпешона, карас ҳамда усач балиқлари етиштирилади.  

- Балиқчилик класстер хўжалигимизда қуввати 50 миллион дона бўлган балиқ личинкаларини ишлаб чиқарувчи инкубация цехини ишга туширдик, - дейди хўжалик раҳбари Собир Йўлдошев. - Шунингдек, тасарруфимизда 25 гектар майдонда балиқ чавоқлари етиштириладиган репродуктор ҳавза, балиқни қайта ишловчи филе цехи, 200 тонна балиқ ва балиқ маҳсулотлари сақланадиган музлаткич ҳамда 500 тонна балиқ озуқаси ишлаб чиқарувчи корхоналар мавжуд.  

Мазкур балиқчилик хўжалигида мавсумий 18 та, доимий 8 та иш ўрни яратилган. Хўжалик томонидан 2020 йилда 1800 тонна балиқ етиштирилди. Хўжаликни ривожлантириш учун 151 миллион сўм субсидия ажратилди.

Журналист ва блогерларга хўжаликнинг янги лойиҳалари ҳақида батафсил маълумот берилди.

Пастдарғом туманида жойлашган “Пўлат балиқ” МЧЖ фаолияти ҳам пресс-тур иштирокчиларида катта қизиқиш уйғотди. 2012 йилда ташкил топган жамият 14 гектар сунъий ҳавзада ярим интенсив ва интенсив (ёпиқ сув айланма тизими) усулда сазан, африка лаққаси, оқ амур, оқ дўнгпешона каби балиқларни етиштириб келмоқда.  

Ушбу класстерда ҳозирда қуввати 30 миллион дона бўлган балиқ личинкаларини ишлаб чиқарувчи инкубация цехи, балиқ чавоқларини етиштирувчи 5 гектар репродуктор ҳавза, 50 тонна қувватли балиқни ярим тайёр ҳолда қайта ишловчи цех ҳамда 350 тонна қувватда балиқ еми ишлаб чиқарувчи корхоналари бор.

Хўжалик томонидан 2020 йилда 110 тонна балиқ етиштирилган ҳамда 67 миллион сўм субсидия олинган.

Пресс-тур  давомида вилоятда жорий йилда ва келгусида балиқчиликни ривожлантириш бўйича амалга ошириладиган ишлар ҳақида маълумот берилди.

 

Ғ.ҲАСАНОВ, ЎзА