French
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Балиқчилик тармоғини ривожлантириш учун 1 триллион сўмлик 289 та лойиҳа шакллантирилди
17:42 / 2022-06-16

Президентимизнинг жорий йил 28 январдаги тегишли фармонига мувофиқ Янги Ўзбекистоннинг Тараққиёт стратегияси ва уни «Инсон қадрини улуғлаш ва фаол маҳалла йили»да амалга оширишга оид Давлат дастурида балиқчиликни ривожлантириш ва балиқ етиштириш ҳажмини кўпайтириш бўйича чора-тадбирлар белгилаб берилди.

Мазкур дастурда ҳосилдорлиги паст бўлган 31 минг гектар сунъий сув ҳавзаларини босқичма-босқич интенсивлаштириш ва балиқ етиштириш ҳосилдорлигини 4-5 баробарга ошириш қайд этилган.

Шунингдек, балиқчилик кластерлари сонини 15 тага ошириш, 10 мингта аҳоли хонадонларида кооперация усулида интенсив балиқ етиштиришни йўлга қўйиш, қимматбаҳо совуқ сув балиқлари етиштирувчи корхоналар қувватини 2 баробарга ошириш ва йилига 6 минг тонна совуқ сувда (форель, осётр, лосось) балиқларини етиштириш белгиланган.

Қолаверса, қайта ишлаш корхоналари ва омихта ем корхоналар сонини 84тага етказиш ҳамда балиқ етиштириш ҳажмини 2 баробарга ошириш кўзда тутилган.

«Ўзбекбалиқсаноат» уюшмаси белгиланган вазифаларнинг ижроси доирасида жорий йилда республикада балиқ етиштириш ҳажмини 700 минг тоннага етказиш, ҳосилдорлиги 25 центнердан паст бўлган 31минг гектар сунъий сув ҳавзаларида 78 мингта аэратор мосламасини ўрнатиш топшириғи берилган.

Балиқчилик соҳасини ривожлантириш бўйича 2022 йилда вилоятлар кесимида дастурлар ишлаб чиқилиб, тасдиқланди. Дастурга кўра, балиқчилик тармоғини ривожлантириш учун умумий қиймати 1 триллион сўмлик 289 та лойиҳалар рўйхати шакллантирилди.

Ўтган давр мобайнида тижорат банклари томонидан 126 та лойиҳаларга 284 миллиард сўм кредит маблағлари ажратилди.

Наманган вилояти Учқўрғон туманидаги «Учқўрғон форель» фермер хўжалиги томонидан "Соҳил МФЙ"даги 1 гектар майдонда 100 та кичик бассейнлар ўрнатиш ишлари амалга оширилмоқда. Ушбу корхона чавоқ, бассейн ва омихта ем етказиб беради ҳамда форель балиқларини келишилган нархда сотиб олади.

Бундан ташқари, жорий йилда жами 21 та таъминотчи корхоналар томонидан балиқ чавоқлари, ем маҳсулотлари ва зарур асбоб-ускуналар 10 мингта аҳоли хонадонларига етказилиб, кооперация усулида балиқ етиштириш тизими ташкил этилиши белгиланди.

Бугунги кунда мазкур таъминотчилар томонидан 1500 дан ортиқ хонадонга балиқ етиштириш учун зарур бўлган маҳсулотлар етказилди. Мазкур хонадонларда Африка лаққа балиғи, карп ва форель каби балиқ турларини етиштириш ишлари бошлаб юборилди.

Шу билан бирга, балиқ етиштиришнинг афзалликлари хусусида республиканинг турли ҳудудларида 36 та назарий ва амалий семинарлар ташкил этилди.

Бугунги кунга қадар ҳудудлардаги мономарказ ва балиқчилик хўжаликларида 400 дан ортиқ талабгор балиқ етиштириш технологиялари бўйича ўқитилди.

Ҳудудларда фаолият юритаётган 19 та балиқчилик хўжаликларига наслчилик хўжалиги мақоми берилди.

Булар ҳақида бугун Ўзбекистон Миллий матбуот марказида «Ўзбекбалиқсаноат» уюшмаси томонидан ташкил этилган матбуот анжуманида маълумотлар берилди.

Шаҳноза Маматуропова, ЎзА