Янгийўл туманида балиқчилик соҳасида 2025 йилда амалга оширилган ишлар, йўл қўйилган камчиликлар ҳамда 2026 йилда режа қилинган устувор вазифалар юзасидан таҳлилий йиғилиш ўтказилди.
Унда Тошкент вилояти ҳокими Зойир Мирзаев, ҳудудий мутасадди раҳбарлар, туман ва шаҳар ҳокимлари, ҳуқуқ-тартибот идоралари раҳбарлари, соҳага оид масъуллар ҳамда балиқчиликка ихтисослашган фермер хўжаликлари вакиллари иштирок этди. Муҳокамада соҳадаги ҳолат чуқур таҳлил қилиниб, маҳсулот ишлаб чиқариш ҳажми пасайиб бораётгани, интенсив технологияларни жорий этишда сусткашлик сақланаётгани, илмий ёндашув ва инновацияларни амалиётга татбиқ этиш даражаси талабга жавоб бермаётгани кескин танқид қилинди.

Қайд этилганидек, тумандаги 579 та балиқчилик хўжалигининг 97 фоизи талабларга жавоб бермайди. Илғор хорижий тажрибани қўллаш, интенсив технологияларни жорий этиш орқали балиқ етиштириш ҳажмини 40 минг тоннага етказиш имконияти мавжуд. Шу билан бирга, маҳсулотни қайта ишлаш даражаси жуда паст экани, қайта ишлаш корхоналари сони камлиги ва қўшилган қиймат яратиш бўйича ишлар суст кечаётгани айтилди. Айрим хўжаликлар ер ва сув ресурсларидан самарасиз фойдаланмоқда, натижада ўртача ҳосилдорлик пастлиги қолмоқда.
Баъзи ҳолатларда ноқонуний сунъий кўллар ташкил этилгани, аввал ажратилган ер майдонларида эса ҳалигача балиқчилик ҳавзалари барпо этилмагани танқид қилинди. Режалаштирилган иш ўринларининг ҳам тўлиқ яратилмагани, айрим хўжаликларда молиявий айланма мавжуд эмаслиги ва солиқ ҳамда сув тўловлари бўйича қарздорлик сақланаётгани таъкидланди.

Таҳлилларга кўра, вилоят бўйича 511 та субъект 5 минг 407 гектар ер майдонидан самарасиз фойдаланмоқда. Натижада 1 гектар сув ҳавзасидан ўртача 1-1,5 тонна ҳосил олинмоқда ва 2024 йилга нисбатан балиқ овлаш кўрсаткичлари қарийб 50 фоизга камайган.
Йиғилишда туман ҳокимлари, прокурорлар ва соҳавий масъуллар томонидан балиқчилик хўжаликлари фаолияти етарлича ўрганилмагани, пахтачилик, ғаллачилик, шоличилик ва боғдорчилик соҳалари мунтазам таҳлил қилиб борилаётган бир пайтда балиқчилик йўналиши эътибордан четда қолаётгани ва бунинг оқибатида кўрсаткичлар йил сайин пасайиб кетгани таъкидланди.

2026 йилда соҳани тубдан ислоҳ қилиш, интенсив усулларни кенг жорий этиш, илмий ёндашув асосида ишлаш, хорижий тажрибани татбиқ этиш, маҳсулот айланмасини тартибга солиш, қайта ишлаш қувватларини ошириш ҳамда солиқ, сув ва электр таъминоти бўйича қарздорликларни ўз вақтида сўндириш бўйича аниқ вазифалар белгилаб берилди. Балиқчилик соҳаси иқтисодиётнинг муҳим тармоқларидан бири экани таъкидланиб, ҳар бир раҳбар ва хўжаликдан натижадорлик, интизом ва янгиликка интилиш талаб этилиши алоҳида қайд этилди.

А. Мусаев, ЎзА