French
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Балиқчилик – сердаромад соҳа
11:09 / 2022-09-25

Балиқчилик сердаромад соҳа бўлгани боис, соҳа ишини ривожлантириш, парҳезбоп ва фойдали неъматларни етиштириш, қайта ишлаш эса замонавий технологияларни жорий этиш имкониятларидан фойдаланган ҳолда, ички ва ташқи бозорга сара маҳсулотларни чиқариш бугунги куннинг муҳим талабларидан биридир.

Президентимизнинг 2022 йил 13 январдаги “Балиқчилик тармоғини ривожлантиришнинг қўшимча чора-тадбирлари тўғрисидаги” қарори эса ушбу соҳани янада ривожлантириш борасида ташланган муҳим қадамлардан бири бўлди.

Буни сўнгги пайтларда республикамизда, қолаверса, Сирдарёда балиқ етиштирувчи хўжалик, фермер ва кластерлар томонидан олиб борилаётган ишлардан, етиштирилаётган балиқ маҳсулотларининг ҳажми ортганлигидан билса бўлади.

"Ўзагроинспекция"нинг Сирдарё вилоят бошқармаси томонидан Мирзаобод туманида жойлашган "Янгиер балиқ кластери" масъулияти чекланган жамиятига пресс-тур уюштирилди.

Маълум қилинишича, ўтган йили Сирдарёда мавжуд бўлган 371 та балиқчилик хўжалиги ва уларга тегишли бўлган 10 минг 700 гектарли сунъий сув ҳавза, 5 та балиқчилик хўжалигига тегишли 500 гектарли табиий сув ҳавзаларида  5 минг 930 тонна балиқ маҳсулотлари етиштирилиб, аҳоли дастурхонларига етказиб берилди. Нарх ҳам шунга яраша, анча барқарорлашди.

Президент қароридан сўнг, Сирдарёда балиқчилик соҳасини ривожлантириш, етиштирилаётган маҳсулотлар тури ва миқдорини кўпайтириш, балиқ маҳсулотларидан тайёрланаётган маҳсулотлар ҳажмини кўпайтириш мақсадида 11 миллиард  700 миллион сўмлик, 10 та лойиҳа амалга оширилди. Бунинг натижасида 35 та янги иш ўрни яратилган бўлса, жорий йилда 50 миллиард 5 миллион сўмлик 11 та лойиҳа амалга оширилиб, 91 та янги иш ўрни яратиш бўйича муҳим қадамлар ташланди.

"Янгиер балиқ кластер" масъулияти чекланган жамиятига тегишли бўлган 500 гектарли сунъий сув  ҳавзаларида ўтган йили 178 тона зоғора, оқ дўнгпешона, оқ амур каби балиқ турлари етиштирилиб аҳоли дастурхонига етказиб берилган бўлса, жорий йилги кўрсаткич бундан анча юқори бўлади.

– Умумий ер майдони 1258 гектарни ташкил этиб, унинг 500 гектарида сунъий  сув ҳавзалари ташкил этилган, – дейди "Янгиер балиқ кластери" масъулияти чекланган жамияти раиси Толиб Нурмуҳаммедов. – Балиқчилик соҳасини ривожлантириш, маҳсулотлар турини кўпайтириш мақсадида ўтган йили "Ипотека банк" вилоят филиалидан 2 миллиард 135 миллион сўм миқдорида имтиёзли кредит олгандик. Айни вақтда 20 миллион дона балиқ личинкаларини етиштиришга мўлжалланган инкубация цехи, 100 тонналик сиғимга эга совиткич, 20 га яқин техника, шундан 2 та тирик балиқ ташишга мўлжалланган махсус автомашина, 2 та махсус техника, 10 дан ошиқ қайиқларимиз бор.

"Янгиер балиқ кластери" масъулияти чекланган жамиятида ўтказилган пресс-турда балиқчилик соҳаси, уни ривожлантириш, ички ва ташқи бозорга чиқарилиши кўзда тутилаётган балиқ маҳсулотлари ва тури, етиштириш технологиялари тўғрисида маълумотлар берилди.

Ш.Суяров, ЎзА