Сирдарё номи тилга олинганда, кўпчиликнинг кўз олдига нафақат шириндан шакар, тилингизни ёргудек «оби-новвот», "кўкча", "босволди", "амри", "оқ уруғ" каби қовунлар, балки дарё ўзанларида сузиб юрган сазан, зоғора, амур сингари балиқлар келади. Бироқ сўнгги йилларда экологик муаммолар, сув ресурсларининг танқислиги, аҳоли сонининг ошиши ва балиқ маҳсулотларига талабнинг кўпайиши туфайли табиий сув ҳавзаларда балиқ захиралари ва турлари сезиларли даражада камайиб бормоқда.
Шу нуқтаи назардан, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2018 йил 6 ноябрда қабул қилинган “Балиқчилик соҳасини янада ривожлантиришга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарори соҳани ривожлантиришда муҳим ҳуқуқий асос бўлди. Мазкур қарор Сирдарё вилоятида ҳам балиқчилик тармоғини жадал ривожлантириш, замонавий ва инновацион технологияларни жорий этиш, табиий омилларга боғлиқ бўлмаган ҳолда интенсив усулда балиқ етиштириш учун кенг имкониятлар яратди.

Маълумотларга кўра, 9–10 йил аввал вилоятда балиқчилик хўжаликлари фаолияти билан шуғулланадиганлар сони бармоқ билан санар даражада бўлган бўлса, бугунги кунда балиқчилик хўжаликлари сони 356 тадан ошди. Бу аҳолини сифатли балиқ маҳсулотлари билан таъминлаш, нарх-наво барқарорлигини сақлаш ва озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлашда муҳим омил ҳисобланади.

Бироқ соҳанинг жадал ривожи билан бирга бир қатор муаммолар ҳам мавжуд. Экологик хавф-хатарлар, сув ресурсларининг чекланганлиги ва ноқонуний балиқ овлаш ҳолатларининг ортиши соҳанинг барқарор тараққиётига салбий таъсир кўрсатмоқда.
Ана шу масалаларни муҳокама қилиш, мавжуд муаммолар ва уларнинг ечимларини белгилаш мақсадида Мирзаобод туманидаги Т. Аҳмедов ҳудудида Қуйи Сирдарё ирригация тизимлари ҳавза бошқармаси ҳамда “Сувхўжаликназорат” инспекцияси Сирдарё вилояти бошқармаси ҳамкорлигида ўқув-семинар ташкил этилди. Семинарда Президент қарорида белгиланган вазифалар ижроси, соҳани ривожлантириш ва сув ресурсларидан оқилона фойдаланиш масалалари асосий мавзу сифатида кўтарилди.

Тадбирда “Сувхўжаликназорат” инспекцияси Сирдарё вилояти бошқармаси ўринбосари Мамарасул Дўстмуродов интенсив усулда балиқ етиштириш бўйича амалга оширилаётган ишлар, балиқчилик хўжаликларига бириктирилган сув ҳавзаларидан илмий ёндашув асосида самарали фойдаланиш, мелиоратив ҳолатни яхшилаш, ресурс тежамкор технологиялар ва инновацияларни кенг жорий этиш масалаларига алоҳида тўхталди. Шунингдек, сунъий сув ҳавзаларида балиқ маҳсулотлари ҳосилдорлигини ошириш, минерал ўғитлардан меъёрда фойдаланиш, сувдан тежамкорлик билан фойдаланиш ҳамда исрофга йўл қўймаслик зарурлиги таъкидланди.
Қайд этилганидек, мазкур қарор асосида Қишлоқ хўжалиги вазирлиги ҳамда “Ўзбекбалиқсаноат” уюшмалари зиммасига соҳани ривожлантириш, хорижий тажрибалар ва замонавий технологиялар асосида интенсив балиқчиликни йўлга қўйиш вазифалари юклатилган. Сув хўжалиги вазирлиги ва унинг ҳудудий бошқармалари эса сувни тежаш, мелиорация ишларини амалга ошириш, ички каналлар, коллектор ва дренаж тизимларини тозалаш ва чуқурлаштиришга масъул этиб белгиланган.

Семинарда Мирзаобод тумани ва унга туташ ҳудудларда фаолият юритаётган балиқчилик хўжаликлари раҳбар ва мутахассисларига амалий маслаҳат ва тавсиялар берилди, соҳани янада ривожлантириш бўйича келгуси вазифалар муҳокама қилинди.
Тадбирда иштирокчилар балиқчилик соҳасини ривожлантиришга қаратилган Президент қарори, Ўзбекистон Республикасининг Сув кодекси ҳамда сувдан фойдаланиш тартиб-қоидалари юзасидан батафсил тушунтириш олди. Балиқчилик хўжаликлари фаолиятини қонунчиликка мувофиқ ташкил этиш, сув хўжалиги объектларига салбий таъсирларнинг олдини олиш ва сув ресурсларидан самарали фойдаланиш масалаларига алоҳида эътибор қаратилди.
Шунингдек, семинар иштирокчиларини қизиқтирган саволлар юзасидан соҳа мутахассислари томонидан атрофлича изоҳлар берилиб, амалий тавсиялар тақдим этилди. Бундай тадбирлар балиқчилик соҳасини барқарор ривожлантириш, ҳуқуқий маданиятни ошириш ва сув ресурсларини муҳофаза қилишда муҳим аҳамиятга эга эканлиги таъкидланди.
Ғулом Примов, ЎзА мухбири