Arabic
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Балиқчилик билан шуғулланиш учун ўқиш керак
18:26 / 2025-11-20

Самарқанд туманидаги “Оқ Амур балиқлари” фермер хўжалиги томонидан ташкил этилган “Балиқ сайли” гастрономик фестивали доирасида мазкур кўп тармоқли тадбиркорлик субъекти қошида балиқчилик хўжаликлари раҳбарлари ва мутахассисларини ўқитишга ихтисослашган ўқув маркази фаолият бошлади.

Давлатимиз раҳбарининг 2020 йил 29 августда қабул қилинган “Балиқчилик тармоғини қўллаб-қувватлаш ва унинг самарадорлигини ошириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори ижроси юзасидан ташкил этилган ўқув марказида Самарқанд ветеринария медицинаси, чорвачилик ва биотехнологиялар университети ҳамда Самарқанд агроинновациялар ва тадқиқотлар институти профессор-ўқитувчилари, тажрибали балиқчилар томонидан машғулотлар олиб борилади. Шунингдек, балиқчилик соҳасини ўрганаётган талабалар бу ерда амалиёт ўтайди.  

– Ўқув марказимизга хорижлик мутахассисларни ҳам жалб қилиш режалаштирилган, – дейди  “Оқ Амур балиқлари” фермер хўжалиги раҳбари Илҳом Ҳалимов. – Яқинда Венгриядан келган мутахассис 15 кун давомида амалий машғулотлар ўтди. Келгусида хорижлик бошқа ҳамкорларимизни ҳам таклиф этиб, балиқчиликнинг интенсив усуллари бўйича ўқувлар ташкил этмоқчимиз.  

Бугунги кунда Самарқанд туманида 13 та балиқчилик хўжалиги фаолият кўрсатмоқда. Улар тасарруфида 50 гектар сунъий сув ҳавзаси, 4 гектар интенсив технологияли ҳавза ва 1 гектар айланма сув тизимлари мавжуд. Йил бошидан буён туманда 550 тонна балиқ етиштирилиб, ўтган йилга нисбатан 100 фоиз ўсиш кўрсаткичига эришилди. Биргина “Оқ Амур балиқлари” фермер хўжалиги томонидан 20 гектар сув ҳавзасида 170 тонна балиқ ва балиқ чавоқлари етиштирилди.  

Фестиваль давомида балиқ ва балиқ маҳсулотлари намойиш этилди, балиқ етиштириш технологиялари ҳақида маълумот берилди.

Ғ.Ҳасанов, А.Исроилов (сурат), ЎзА мухбирлари